08:28 / 09.01.2017
4663

Хитой водород ёнилғи элементларида ишловчи самолётни синовдан ўтказди

Фото: techno.bigmir.net

Хитой водород ёнилғи элементларида ишловчи кичик электр двигателли самолётини муваффақиятли синовдан ўтказди. "Kэцзи жибао" нашри ёзишича, бу самолётнинг биринчи парвози Шэньян шаҳрида бўлиб ўтди.

Бир ўриндиқли самолёт ўз парвозини 320 метр баландликда амалга оширди ҳамда ажойиб кўрсаткичлар ва барча тизимларнинг ҳаттоки Цельсий бўйича -20 градус совуқда ҳам барқарор ишлашини намойиш қилди. Самолёт яратувчиларининг айтишича, парвоз вақтида атроф-муҳитга ҳеч қандай зарарли чиқиндилар чиқарилмаган. 

Самолёт Хитой Фанлар академияси ҳузуридаги Далянь кимёвий тадқиқотлар бюроси ва Ляонин авиация илмий-тадқиқот институти билан биргаликда яратилган. Самолётни яратишда электр двигателда ишловчи RX1E самолёти ва хитойлик олимлар томонидан яратилган, водород элементларида ишловчи 20 киловаттлик электр двигатель асос қилиб олинди. Парвоз ва баландликка кўтарилиш вақтида двигателга қўшимча тортиш кучини қувватланувчи аккумуляторлар беради. 
Бу самолёт пайдо бўлиши билан Хитой АҚШ ва Германиядан кейин бундай технологияга эга бўлган дунёдаги учинчи давлатга айланди.

 

Top