Фан-техника | 19:57 / 09.01.2017
9525
2 дақиқада ўқилади

KIA ўзининг энг кучли моделини намойиш қилди

Фото: motor.ru

Жанубий Кореянинг KIA компанияси расман энг тезкор Stinger моделини намойиш этди. Автомобиль ишлаб чиқарувчи Детройт автосалонида тақдим этган моделини ўз тарихидаги энг кучлиси деб атамоқда. 

KIA Stinger 2,0 (4 цилиндрли, турбо) ва 3,3 (жуфт турболи V6) литрли иккита бензинли моторлардан бири билан тақдим этилади. Унинг биринчиси 255 от кучини берса, иккинчиси 365 от кучи билан таъминлайди. 

Уларнинг иккиси ҳам 8 босқичли автоматик узатмалар қутиси билан ҳамкорликда машинани ҳаракатга келтиради. V6 моторли намунаси 5,1 сонияда 100 км/соат тезликка эришади. Энг юқори тезлиги соатига 270 кмни ташкил этади.

 KIA Stinger орқа ғилдираклари етакчи бўлган платформада ишлаб чиқилган бўлиб, 55 фоизи ўта пишиқ пўлатдан ишланган. Шу билан бирга, у орқа ва барча ғилдираклари етакчи бўлган намуналарда ишлаб чиқилади. 

Энг арзон KIA Stinger диодли бош чироқлар, Nappa чармлари билан ўралган ўриндиқлар, бошқарув электроникаси тартибини ўзгартириш тизими (Personal, Eco, Sport, Comfort ва Smart тартиблари мавжуд), 18 ёки 19 дюймли ғилдираклар, Brembo тормози, проекция дисплейи ва мобиль қурилмалар учун симсиз қувватлаш тизими билан жиҳозланади. 

Бундан ташқари, автоматик тўхташ тизими, олд тўқнашувдан огоҳлантириш тизими, қулай круиз-контроль, ҳаракат қаторини кузатиш функцияси ва орқага ҳаракатланганда яқинлашиб келаётган автомобилдан огоҳлантириш тизими кабилар ҳам мавжуд бўлади. 

KIA Stinger 2017 йил охиридан АҚШда сотила бошланади. Аммо, ҳозирча, унинг нархи эълон қилинмаган. 

Мавзуга оид