Иқтисодиёт | 07:33 / 13.01.2017
11969
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Хитой устидан шикоят қилди

Фото: AFP 2017/ Fabrice Coffrini

Вашингтон Хитойни алюминий ва пўлат қуювчи саноатдаги протекционистик (қўллаб-қувватловчи) чоралар қўллашда айблаб, унинг устидан Жаҳон савдо ташкилотига шикоят қилди. АҚШ фикрича, бу чоралар бозорда маҳсулотнинг кўпайиб кетишига олиб келади.     

"Бугун биз америка ишчилари ва корхоналарини қўллаб-қувватлашимизни билдириб, ЖСТга Хитойнинг савдодаги ҳаракатларига қарши янги шикоят йўлламоқдамиз", деб айтилган АҚШ президенти Барак Обаманинг бу борадаги баёнотида.

Обаманинг айтишича, "Хитой мисли кўрилмаган кредитлар ва бошқа ноқонуний давлат субсидиялари бериш йўли билан алюминий ишлаб чиқариш саноатига ноҳалол устунликлар бермоқда. Бундай сиёсат америкалик ишлаб чиқарувчиларни ноқулай вазиятга қўяди ва алюминий, пўлат бозорининг меъёридан тўлиб-тошишига олиб келади. Обаманинг таъкидлашича, АҚШ "ўз ишлаб чиқарувчиларни ҳимоялаш учун чоралар кўрмоқда".  

Вашингтонда таъкидланишича, АҚШ ЖСТга шикоятлар бериш бўйича етакчилик қилмоқда. Жумладан, АҚШ Хитойни ноҳалол савдода айблаб, ЖСТга мунтазам унинг устидан шикоятлар йўллайди. 

АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трамп ўзининг сайловолди кампанияси давомида Хитойни "қоидаларга кўра ўйнашга" мажбур қилишга ваъда берганди ва Хитой бозор иқтисодиёти ҳисобланмаслигини айтганди.    

Хитой бунга жавобан Трампга давлатлар ўртасидаги барча савдо баҳсларини ЖСТда ҳал қилишни таклиф қилган. Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакилининг айтишича, агар Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар фақатгина бир томонга фойдали бўлганда, унда бу алоқалар ҳозиргидек даражага етмаган бўларди. 

Мавзуга оид