Жаҳон | 18:44 / 14.01.2017
20090
2 дақиқада ўқилади

Туркия Сурия ва Ироқ билан чегарада 330 километрлик девор қурди

Туркиянинг Сурия ва Ироқ билан чегараси бўйлаб узунлиги 330 километр келувчи модулли бетон девор қурилди. Бу хавфсизликни таъминлаш мақсадидаги чора сифатида амалга оширилган.

Туркия бош штабидан берилган хабарга кўра, девор қурилиши бўйича ишлар якунига етказилган. Жанубий чегаралар бўйлаб яна 191 километрлик қисмда тиканли симлардан ташкил топган тўсиқлар яратилди.

Кўрилаётган чоралар сабаб ўтган йилда давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш бўйича 57 186 ҳолатнинг олди олинди. Буларнинг аксарияти Туркиянинг Сурия билан чегарасида кузатилган. Дунёнинг 74 мамлакатидан бўлган 424 641 киши қўлга олинди. Уларнинг асосийси қисми сурияликлардан иборат (390 336 киши).

Шу билан бир қаторда, ИШИДга бориб қўшилишни истаган ёлланма кишилар сони 2015 йил билан таққослаганда етти бараварга камайган.

Маълумот учун, Туркиянинг Сурия билан чегараси “Фирот қалқони” амалиёти сабаб ИШИД террорчиларидан анча тозаланди. 2016 йилнинг 24 август куни бошланган амалиёт даврида аввал ИШИД террорчилари назоратида бўлган Суриянинг чегарага яқин ҳудудларидан ўт очишлар сони деярли 3 бараварга камайган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид