Жамият | 18:46 / 16.01.2017
27737
2 дақиқада ўқилади

“Маҳаллада дув-дув гап-2” кинофильми ҳақидаги тафсилотлар маълум қилинди

Барчамиз учун қадрдон бўлган “Маҳаллада дув-дув гап”, “Сен етим эмассан”, “Оловли йўллар” каби кўплаб кинофильмларни томошабинларга тақдим этган, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Шуҳрат” медали соҳиби Шуҳрат Аббосов режиссёрлигида “Яна маҳаллада дув-дув гап - 2” бадиий фильмини тасвирга олиш ишлари якунланиб қолди. Фильм “Dono Productions” кинокомпанияси томонидан суратга олинмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га кинокомпания вакиллари маълум қилди.

“Маҳаллада дув-дув гап - 2” кинофильмининг асосий воқеалари Фарғона вилояти (Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари, Риштон, Ўзбекистон туманлари) ва Тошкент шаҳрида тасвирга олинди. Бош қаҳрамон, маҳалла фуқаролар йиғини раиси – Хосият опа ва унинг уч нафар ўғли атрофида рўй берадиган воқеалар орқали, умуман республикамизда сўнгги йилларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, маҳаллий аҳоли онгида рўй берган маънавий ўзгаришлар, эртанги кунга бўлган ишончнинг ортиши жараёни юксак бадиий маҳорат билан тасвирланади. 

Фильмда бош қаҳрамон ролини Дилбар Икромова, унинг уч ўғлини – ёш актёрлар Эркин Бозоров, Суръат Исломов, Аббос Ибрагимовлар гавдалантирган. 

Актёрлар жамоаси таркибида Ҳусан Шарипов,Гулчеҳра Жамилова, Муқаддас Ҳолиқова, Муяссар Бердиқулова, Мадина Мухторова, Валижон Шамсиев, Дилшодбек Каттабеков, Моҳира Нурматова, Шодия Тўхтаева, Ширин Исмоилова, Лазиза Нозимхонова, Зебинисо Ҳолиқова, Кумуш Ўктамова каби ўнлаб халқимиз суйган ижодкорлар бор. 

Постановкачи режиссёрлар – Шуҳрат Аббосов ва Нозим Аббосов. Сценарий муаллифи – Шоира Ғиёсова. Иккинчи режиссёр Фарҳод Худойбердиев. 

Маълумотларга кўра, тасвирга олиш гуруҳи қарийб 70 кундан буён съёмка жараёнларида меҳнат қилмоқда.

Мавзуга оид