Жамият | 21:20 / 16.01.2020
24148
16 дақиқада ўқилади

«Ҳаёт уммонида балиқча эмас, наҳангдек суздим» – Шуҳрат Аббосовнинг ҳаёт чизгилари

16 январь – миллий кинематографиямиз дарғаларидан бири, марҳум Шуҳрат Аббосов туғилган кун. Шу муносабат билан ўзбек киноси афсонасининг ҳаёти ва ижодини нисбатан яхшироқ очиб берган интервьюларидан бирини қайта эълон қилишга қарор қилдик.

Шуҳрат Солиҳович билан ­у киши ўзларининг 80 йиллик юбилейлари ташвиши билан юрган вақтда учрашгандик. Бунақа пайтдаги югур-югурларни ўзингиз биласиз. Хуллас, ярим соатга, деб келишилган суҳбат икки ярим соатдан ҳам ошиб кетганди ўшанда...

Айтмоқчи, бир вақтлар журнал учун олинган бу суҳбат босилиб чиққанда, Шуҳрат аканинг ўзига ҳам маъқул бўлиб, «Мени боплаб гапиртиргансиз ўшанда», – дея ҳазиллашиб юрардилар. Кейинроқ бу машҳур кинорежиссёр тўғрисида, камина сценарий муаллифлигида – «Дарға» деган ҳужжатли фильм олинди. Домла Солиҳовнинг шу суҳбатда айтган гаплари – сценарий учун асос бўлганди.

Театрдан кино сари «юриш»

- Шуҳрат Солиҳович, кўз тегмасин-у, 80 ёшдаям тетиксиз. Кайфиятни сўрасам, “яхши” десангиз керак, ундан кўра нималарни ҳис қиляпсиз, деб сўрай қолай.

- Ўзим отдайман. Аҳвол сўраганларга ҳатто ҳазиллашиб, “михдек” дейиш ўрнига “арматурадек” деб жавоб бераман. Ҳазил-ҳазил билан-ку, аммо ўғлим, мен ҳамиша жуда катта, ҳатто буюк мақсадлар билан яшаганман. Ҳаётдаги унча-мунча икир-чикирлар менга таъсир қилмайди. Олдига қўйган мақсади бўлмаса, ўша мақсад йўлида ҳеч нарсадан оғишмай интилмаса, одамзот тўкилиб, адо бўлади. Ҳаёт - муттасил курашдан иборат экан, мен мана шу ҳаёт уммонида кичкина балиқча бўлиб эмас, мисли наҳангдек суздим...

- Аммо Сиз айтган наҳанг кўпинча ўрни келиб қолса, майда балиқчаларни ютиб юборади-ку... Нима, сиз ҳам ютиб юборганмисиз?

- Йўқ, мен уларни ютмаганман. Менинг озиғим - китоб, билим бўлган. Аммо образли қилиб айтганингизга мен ҳам жавоб қайтарай – наҳанг бўлсам ҳам ёнимда мудом “илонларнинг вишшиллашини” ҳис қилиб турганман. Булар энди – ҳасад, иғво қуруқ туҳматлар...

Лекин ўйлаб, хулоса қилганим шу бўлдики, инсон зоти кечиримли бўлиши керак экан. Очиғи, жуда омадли инсонман, машҳурликниям, шон-шуҳратниям, раҳбарлик лавозимлариниям кўрдим. Бир пайтлар “Ўзбекфильм” директори эдим. Ўшанда кимнидир билиб-билмай хафа қилган, ўнта сценарийни ўтказиб, биттасини ўтказмаган бўлишим мумкин. Аммо ўзимча виждоним тоза. Демоқчиманки, одам энг аввало ўзининг олдида обрўси тўкилмаслиги керак. Акс ҳолда расво бўлади.

Мағлубиятлар – аввало сабоқ, аммо одам муваффақиятга ҳам чидамли бўлиши керак. Бу гапларни сиз кекса одамнинг ҳаёт фалсафаси, деб қабул қилсангиз ҳам майли. Мана, ҳозир ҳам талабаларга 3 соат маъруза ўқиш учун 4-5 кун тайёрланаман.

- Қайси фандан сабоқ беряпсиз?

- Режиссурадан.

- Кинорежиссёрликданми?

- Йўғ-ей, театр режиссурасидан...

- Сизнинг театрга алоқангиз борлигини билмаган эканман...

- Мен айнан театр режиссёрлиги бўлимини тамомлаганман. Ўқишни битириб, Янгийўлдаги театрда икки йил бош режиссёр бўлиб ишлаганман. Иннайкейин, талабалик пайтимда ҳам ўзимнинг фанимдан дарс берганман. Буниси бир томон бўлса, ота-онам ҳам педагог бўлишгани иккинчи сабаб бўлиб, педагоглик менинг қонимда бор экан, дейман. Буюк режиссёр Александр Гинзбург менинг ана шу қобилиятимни очган. Менга у одамнинг яна бир катта яхшилиги бор.

- Қандай яхшилик қилган?

- Москвада, Олий режиссёрлик курсида ўқиб юрганимда бир куни мени “Арагви” деган грузинча ресторанга олиб бориб, зиёфат қилган. Ўша ўтиришда Георгий Товстоногов деган буюк режиссёр билан ҳам таништирган. Айнан Товстоногов “Филлипинлик ва маст” деган диплом картинамни ёқтириб қолгани учун менга кейин катта шуҳрат олиб келган “Маҳаллада дув-дув гап” фильмининг сценарий  муаллифи – Юрий Рест билан таништирган (Қизиқ, у одам “Брест” деган сўз чиқиши учун титрдаги исм-шарифини “Б.Рест” деб ёздирарди).

Абдулла Қаҳҳорга берилган ваъда

- Худди ўша фильмингиз ҳақида сўрамоқчи эдим ўзи. Унинг сценарийсини Абдулла Қаҳҳор ёзмаганларми?

- У киши диалогларини ўзбекчалаштириб берганлар. Сценарийсини Юрий Рест билан Абдулла Рамазонов ёзганди.

Боя айтганимдек, мен Рест билан танишгач, уни поездда Тошкентга олиб келдим. У одам уруш пайтида Тошкентга эвакуация қилинган, ўзбекларга ҳурмати жуда баланд инсон экан. “Маҳаллада дув-дув гап” сценарийсини ҳам халқимиз олдидаги қарзини узиш учун ёзди. Ишонасизми, сценарий 12 кунда ёзиб ташланди. Аммо у рус тилида эди, киностудиянинг ўша пайтдаги раҳбари Мумтоз Муҳамедов сценарийни қўлимга бериб, Абдулла Қаҳҳорга олиб боришимни тайинлади.

Ёзувчи стационарда даволанаётган экан. Бориб, унга вазиятни тушунтирдим. “Сценарийга сиздек одамнинг қалами учи тегсаям, у сайраб кетади”, дея яхши гаплар гапирдим. Аввал Абдулла ака даволанаётганини айтиб, ишни орқага ташламоқчи бўлди. Аммо мен тихирлик қилиб, икки оёғимни бир этикка тиқиб олгач, “Томоқдан ғиппа бўғадиганлар хилидан экансиз, боринг, ука, бирпас анави чиройли ҳамшира қизларга қараб туринг”, дея папкани тиззасига қўйиб, ўша пайтнинг ўзида ёза кетдилар.

Ишонасизми, икки соат ичида сценарий ростдан ҳам “ўзбекча сайраб” кетди. Ундаги Ойпошшанинг Меҳрихон аяга қараб, “Уйда сичқон ҳасса таяниб юради” ёки “Уйида чакса ун йўқ, том бошида қўш тандир” деган гапларидан ўзимни тутолмай, ўша жойнинг ўзида хохолаб кулиб юборганман.

- Ростдан ҳам икки соат ичида рус тилидаги сценарийнинг ўзбек тилида “сайрагани” ҳавас қиларли даражада қизиқ. Абдулла Қаҳҳордек одамни кўндирганингиз унданам қизиқ...

- Тўғриси, ўшанда Қаҳҳор менга бир шарт қўйганди. У киши киностудиядан берилган, мен олиб борган минг рубль пулни олмасдан, бирорта ҳикоясини кино қилишим ҳақида менинг ваъдамни олганди. Пулни-ку, секингина халатлари киссасига солиб қўйдим, аммо...

- Берган ваъдангизни бажармадингизми?..

- Гап шундаки, “Маҳаллада дув-дув гап”дан кейин буюртмалар, таклифлар жуда кўпайиб кетди. Ҳатто бир куни ёзувчи Ойбекникида ўтирганимизда Ғафур Ғулом ҳам “Шум бола”ни асраб турибман, уни сан болага бераман” дегандилар. Аммо бу орада “Сен етим эмассан” фильми устидаги ишлар бошланиб кетди. Бу фильм сценарийсидаги ҳаётий воқеалар, қаҳрамонларнинг етим болалар эканлиги, етимлик азобидан ҳикоя қилувчи манзаралар менинг руҳиятимга мос тушганди.

«Кирмаган кўчам қолмаган»

- Нима, ундаги воқеалар ҳаётингизда ҳам бўлганми?

- Ҳа-да... Раҳматли дадам 35 ёшларида ўтиб кетган, ўшанда мен 11 ёшли бола эдим. Биласиз, “Сен етим эмассан” фильмида 14 болани асраб олган ўзбек оиласи ҳақида сўз боради. Сценарийдаги воқеалар юрагимда худди тўлқиндек урилган, “Бу одам 14 сағирни қандай эплаган экан, ахир менинг онам етим қолган биз - учта болани зўрға эплаб, мени қанақа ёмон йўллардан қайтариб қолганди”, дея кўзларимга ёш келганди.

- Онангиз Сизни қанақа йўллардан асраб қолганди, билсак бўладими?

- Қимор ҳам ўйнаганман, безорилик қилганман, хуллас, етимлик кўчасининг ҳар бир бурчагига кириб чиққанман, болам. 15 ёшимда онам мени Тошкентга – ишчилар шаҳарчасида турадиган холамникига, одам бўлсин, деб жўнатди.

Ўша пайтда медицина техникумининг директори холамга қўшни турарди. Холам унга “Шу етимнинг бошини силаш савоб” дея ялиниб-ёлвориб, мени техникумга киритиб қўйди. Аммо менинг у ерда ўқишга умуман хоҳишим йўқ, нуқул “2” баҳо олиб юрардим. Фақат бир нарса – техникумдаги драма тўгараги менинг жонимга оро кирар, унга қатнашишга “суягим йўқ” эди.

- Нима, техникумни тугатиб, санъат институтига кирганмисиз?

- Йўқ, уни ташлаб кетганман. Майли, бир бошдан айта қолай. Бир куни Қўқонда турадиган амакимнинг хотини ўша пайтда студент бўлиб юрган Ҳамза Умаров орқали менга иккита нон, майиз, туршаклар бериб юборибди. Ҳамза ака техникумга келиб сўраса, мени саҳнада, дейишибди.

Ҳали-ҳали эсимда, ўшанда мен ҳаваскор саҳнада “Айбсиз айбдорлар” спектаклидаги Шмак деган чолни ўйнардим. Томоша тугагач, Ҳамза Умаров менинг маҳоратимни кўриб, оёғимни ерга теккизмай, тўппа-тўғри Санъат институтининг ўша пайтдаги ректори Михаил Верхацкий олдига олиб келди.

У одам жуда фидойи эди, “Раз Хамза Умаров тебя привёл сюда, то он не может ошибаться” дея мени институтга қабул қилишганди. Фақат актёрлик бўлимига эмас, режиссёрликка олишди. Шу-шу, санъаткор бўлиб кетдик...

- Гап “Сен етим эмассан” фильми ҳақида эди...

- Ҳа, у фильмни олиб бўлгач, жуда кўп қаршиликлар бўлди. Ўша пайтдаги собиқ Марказкомнинг мафкура котибаси Зуҳра Раҳимбобоева фильмни қабул қилмади. Аммо бу фильмни Хрушчевга кўрсатиб, мақтанишмоқчи эканлар, шекилли, қайта кўрик бўлди.

Унда денг, худди фавқулодда ёмон иш бўлгандек, Республика раҳбариятининг ҳамма вакиллари келиб кўрди ва кейин уни ҳартугул Москвага юборишга қарор қилишди. Фильмни кўриб, собиқ Иттифоқ маданият вазири Екатерина Фурцева ҳам кўзига ёш олганди...

Принцип ўзгарадими?

- Шундан кейин омад фақат сиз томонда бўлган бўлса керак-а?..

- Ҳа, шундай. Товстоногов “Биринчи учта фильминг зўр бўлса, ундан кейингилари ёмон бўлсаям, ҳеч ким сени айбситмайди”, дея башорат қилганди. Яхшидир-ёмондир, ўша фильмдан кейин ҳам кўп фильмлар олдим. Ҳатто баъзи фильмлар сценарийси менга ёқмасаям, уни менга мажбурлаб тиқиштирардилар.

- Айнан қайси сценарий ёқмаган?

- “Муҳаббат можароси” деган фильмни олишни хоҳламаганман.

- У фильм Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романи асосида яратилган-ку. Абдулла Қаҳҳордек одамнинг асари устида ишламаган одам, шогирдининг асарини олган экансиз-да, Шуҳрат ака?

- Нима қилай, сценарийни тутқазишиб, “3 кун ичида бошлайсан, бўлмаса, сенга иш йўқ” деганларидан кейин ишлаганман-да... Лекин ундан кейин олинган “Абу Райҳон Беруний” фильмим жуда кўп халқаро мукофотларни олган.

- “Оловли йўллар”га шундан кейин киришгансизми?

- 1975 йилда бошлаб, 1985 йилда тўлиқ тугатганман. У фильмга қарийб 10 йил умрим кетган. Бу фильмнинг 3-4 қисмини ишлаб бўлгач, телевидениега бераверардик. Шу тариқа у роппа-роса 17 қисм бўлганди.

- Адашмасам, собиқ Иттифоқ даврида олинган сўнгги фильмингиз ўша бўлганди. Ундан кейинги фильмингиз “Отамдан қолган далалар”, шекилли?..

- Йўқ, бу орада 14 қисмдан иборат “Камолот чўққиси сари” деган ҳужжатли фильм олганман. Аммо бадиий фильмим – ўша сиз айтган фильм.

- Шу ўринда кескинроқ бир савол берсам майлими?

- Бемалол...

- Икки даврда яратилган икки фильмингиз – “Оловли йўллар” ва “Отамдан қолган далалар”нинг мавзуси, мафкураси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Бирида шўро мафкураси улуғланиб, халқнинг истибдодга қарши курашган фарзандлари - босмачи, жадид, дея таҳқирланса, иккинчисида худди ўшалар - миллий озодлик ҳаракати вакиллари, халоскорлар, дея кўкка кўтарилиб, аксинча, олдинги фильмдаги “қаҳрамонлар” бунисида аёвсиз фош этилади. Кечирасиз-у, бунда принцип масаласи қайда қолди?

- (Ўйланиб) Энди-и, гап бундай, ўғлим. Мен ҳам ўз вақтида кўп қатори ўша советнинг идеологиясига ишонганман, асл ҳақиқат шундай бўлса керак, дея ўйлаганман... Тарих ўзгарди, ундаги воқеалар ҳам, энг муҳими – талқин ўзгарди. Менам одамман, мениям онгимни тескари томонга қараб бурганлар. Кейин Мустақиллик сабаб мениям кўзим очилди-да. Бугун ўша ўзим тасвирлаган инқилобни эсласам, ич-ичимдан ижирғаниб кетаман. Биласизми, ҳеч қандай инқилоб – берилган қурбонларни ўйласак, арзимас нарса экан...

- Унда “Отамдан қолган далалар” фильми ўша хатоларни ювиб, халқингиз олдида кечирим сўрашми?

- (Қатъий тарзда) Йўқ!.. Фильмга келсак, менга Тоғай Муроднинг ўша романини Мурод Ражабов опкелиб берган. Ўшанда Мурод ҳовлиқиб келиб, менга ҳатто романни ўқиб кўришга ҳам қўймасдан, Тоғай Муродга телефон қилиб, ундан розилигини олишимни сўраган. Ҳайрон бўлсам, “Телефон қилаверинг, кейин хурсанд бўласиз. Чунки уни фақат сиз ололасиз” деб қўярда-қўймай қўнғироқ қилдирган. Муаллиф олдин кўнди, кейин романимни бермайман, деб туриб олди, у билан анча тортишиб, кейинчалик барибир розилигини олганмиз.

Романни ўқиб кўриб, “И-е, бу бошқа бир дунё-ку” деб анча ўйланиб қолганман. Тўғри, ич-ичимдан анча таъсирланганман ҳам. Хуллас, Мурод Ражабов қистови билан у фильм устидаги ишларни бошлаганмиз.

- Ўшанда машҳур актёримизнинг бунчалик жонкуярлиги замирида балки фильмда ўйнаш хоҳиши ётгандир?

- Билмадим. Униям “проба” қилиб кўрганмиз. Аммо биласизми, режиссёр ва актёр ўртасида қандайдир бир “биополис” бўлиши керак-да. Бизда ўша нарса бўлмаган. Кейин эса мен “Аждодларимиз жуда чиройли бўлган, Муродда унақа ҳусн йўқ” деб ҳисоблаганман, шекилли. Хуллас, нимаямдир бўлиб, фильмда у ўйнамай қолди...

Суҳбатдошимизга ёқмаган мавзу

- “Мен – наҳангман” деган гапингиз хаёлимдан ҳеч кетмаяпти. Бошқа томондан ўзбек киноси ривожини бир ўзандан бошқасига буриб юборишда тажрибангиз бор. Айтмоқчи бўлганим – кинонинг тепасидаги раҳбарият доимо Сиз билан ҳисоблашиши керак, деб ҳисоблайсизми?

- Шу соҳага озми-кўпми, меҳнатинг синггандан кейин, атрофдагиларинг сени “отахон”га чиқариб қўйгандан кейин кечаётган жараёнларга бефарқ бўлиб туролмас экансан. Беш-олти йил аввал миллий киночилигимиз раҳбарияти ўзгаргани ва ундаги менинг иштирокимни назарда тутяпсиз, шекилли. Мен ўшанда Халқаро кино конфедерацияси аъзоси сифатида киномизнинг моддий аҳволини яхшилаш, унинг келажаги учун қайғурганимдан курашганман. Ўша йиллари Москвада – Никита Михалковлар жириллаганда, улар билан ҳазилакам талашдимми? Хуллас, бу – бир сабаб бўлди. Бундан ташқари, бир талай шогирдларим менинг ёнимга келиб, “Сиз – зўрсиз” дея “илҳом” бергани туртки бўлиб, шикоят ёзганмиз.

- Бугун ўша воқеалардан афсусланмайсизми?

- Қадимги Римнинг бир мақоли бор: “Каждый последующий хуже предыдущего» (таржимаси: “Ҳар қандай кейин келган – олдингисидан афзал эмас”). Мундоқ ўйлаб қаралса, идеал одам йўқ, кимдадир у хислат бор, бунисида – бу. Беайб эса – фақат парвардигорнинг ўзи, болам.

Бошқа томондан эса – мен бугун революция эмас, эволюция тарафдори бўлиб қолдим. Шунинг учун тинчгина юбилейимни нишонлагим келяпти...

2011 йил, январь.
Суҳбатдош – Комилжон Шамсиддинов.

(Шуҳрат Аббосов 2018 йил 25 апрелида, 87 ёшида вафот этди)

Мавзуга оид