Жамият | 19:44 / 17.01.2017
80868
13 дақиқада ўқилади

Рамазонга тааллуқли миш-мишлар ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.

Одатда баъзи инсонлар ҳар хил мақсадлар билан ёлғон гапиришликка уринишади. Албатта унинг сабаблари кўп, биз унинг сабаблари, ҳукмлари ва турлари ҳақида сўз юритмоқчи эмасмиз, балки охирги бир неча кунлар ичида билиб-билмасдан ёки қасддан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номларидан ёлғон гаплар, тўқима ҳадислар тарқатилаётганлигини гувоҳи бўлаяпмиз. Аввал бошида бунга унчалик жиддий эътибор бермадик. Сабаби, ҳозирги ахборот хуружи даврида бундай салбий ҳолатларни, балки фитналарни ҳаммасига ҳам жавоб беришликка вақт ва имконият ҳам етмайди. Қолаверса, ҳар бир нодоннинг тарқатаётган ёлғон хабарларига жавоб бераверишлик вақтни бекорга зое қилишлик билан баробардир. Лекин мазкур воқеа тўғридан-тўғри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан туҳмат, ёлғон гапиришлик ва шариат масдарининг иккинчиси бўлмиш Суннати Набавияга нисбатан хиёнат бўлганлиги сабабли, тезлик билан бунга қарши чора кўриб, раддия бериб қўймоқликни ўзимизни бурчимиз деб билдик. Чунки бундай хабарларни тарқатаётганларни ичида ҳақиқий ғаразли мақсадларини амалга ошираётганлари билан биргаликда, ўзлари билмаган ҳолда савоб иш қилаяпмиз деб, ўша хабарда тарқатилаётган башоратлардан умидвор бўлаётганлар ҳам йўқ эмас.

Хабар эса қуйидагича:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бир инсон бошқа бир инсонга рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатса, дўзах олови бу инсон учун ҳаром қилинади».

Биринчидан – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган саҳобийнинг исми зикр қилинмаган.

Иккинчидан – Рамазон ойининг кириб келиш санаси олдиндан ҳеч кимга маълум бўлмайди. Демак у ҳақида эслатиш ҳам мумкин эмас, балки Рамазон ойининг ҳилолини кўрганлигини хабарини бериш мумкин.

Учинчидан – «дўзах олови бу инсон учун ҳаром қилинади» деган жумланинг ўзи шубҳали бўлиб, бунга қалб таскин топмайди.

Тўртинчидан – ҳадиси шарифнинг ровийси мутлақо йўқ.

Мазур хабарнинг мазмунидан маълум бўлаётган нарса – иложи борича тезлик билан оммага тарқалишлигини таъминланишидир. Чунки оми халқ у хабардаги башоратдан умидвор бўлиб, уни суриштириш, текшириш ва ҳоказоларга вақт сарфламасдан, тезлик билан тарқатиб, мазкур башоратга лойиқ бўлгиси келади.

Бунга ўхшаган хабарлар авваллари ҳам кўп тарқалган, фақат у хабарларнинг охирида «Кимки бу хабарни фалонча кишига, фалонча куннинг ичида тарқатмаса, ундоқ бўлади, бундоқ бўлади» ёки «фалончи тарқатмаган экан, фалон балога гирифтор бўлибди» деган таҳдидлар бўларди. Бунисида эса таҳдиднинг ўрнига башорат қўйилибди, холос. Фарқи шунда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номларидан тўқима ривоятларни тарқатилишликда ниятнинг ҳеч қандай эътибори йўқ. Чунки бундай ишларда ўта катта хатар бор. Балки шариатнинг илдизига болта урушлик бор. Шариатнинг асл манбасини ўзгартиришлик бор. Кимлардир яхши ниятлар билан бундай ривоятларни тўқима бўлса ҳам зарари йўқ деб ўйласа қаттиқ янглишади. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларида ундай инсонларга умумий тарзда қандай азоб-уқубат бўлишлиги ҳақида хабар берилган.

– قَالَ أَنَسٌ: إِنَّهُ لَيَمْنَعُنِي أَنْ أُحَدِّثَكُمْ حَدِيثًا كَثِيرًا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ تَعَمَّدَ عَلَيَّ كَذِبًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ اْلأَرْبَعَةُ.
وَلِمُسْلِمٍ: إِنَّ كَذِبًا عَلَيَّ لَيْسَ كَكَذِبٍ عَلَى أَحَدٍ فَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга ёлғонни қасд қилса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деганларидир», деди».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Муслимнинг ривоятида:

«Албатта, менга ёлғон тўқиш бошқа бировга ёлғон тўқишдек эмас. Ким менга ёлғонни қасд қилса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дейилган.

Устозимиз Шайх Ҳазратларининг «Ҳадис ва ҳаёт» китобларида келтирилган мазкур ҳадиснинг шарҳини ўрганиб чиқсак, ушбу масала қанчалик жиддий эканлиги янада ойдинлашади:

«Ушбу ривоятдан ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг илмий одобга қанчалар риоя қилишлари кўриниб турибди. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ўн йил бардавом турган зот бўлиб, саҳобаи киромлар ичида энг кўп ҳадис билгувчилардан эдилар. Зеҳнлари ўткир, муҳофазалари кучли эди. Шундай бўлса ҳам Пайғамбаримиз айтмаган бирор оғиз сўзни айтиб қўйиб, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ким менга ёлғонни қасд қилса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деган ҳадислари тахтига дохил бўлиб қолишдан ҳайиқиб турганлар.

Ислом дини умуман ёлғонни ҳаром қилган. Ислом назарида ёлғончи Аллоҳнинг душмани, иймонсиз ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Албатта, ёлғонни Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганлар тўқийдилар», деб марҳамат қилган. Шундай бўлгандан кейин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, у киши айтмаган гапни айтди, қилмаган ишни қилди, дейиш мисли йўқ улкан гуноҳ бўлади.

Шунинг учун ҳам уламолар жумҳури Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқишни ҳалол санаган одам кофир бўлади, деганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш Аллоҳ таолога ва Ислом динига нисбатан ёлғон тўқишдир.

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари бўйича аниқ билимга эга бўлгандан сўнггина гапириш лозим. Гумон ва тахмин билан гапириш мутлақо мумкин эмас. Мусулмон одам гумон ва ишончсиз нарсаларни умуман гапирмагани маъқул. Ҳар бир нарсага тўла ишонч ҳосил қилгандан сўнггина гапирмоқ лозим. Айниқса, дину диёнатга, иймон-эътиқодга, ҳалол-ҳаромга, шариат аҳкомларига ва оят-ҳадисга тегишли мавзуда сўз юритганда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу барчамизга ўрнак бўлишлари лозим. Ҳар бир гапни гапиришдан олдин агар шу гапим ёлғон бўлса, дўзахдаги ўрнимни олаверишим керак бўлади-ку, деган тушунча фикримиздан ўтиб туриши керак.

Ҳазрати Анас ибн Молик ва бошқа саҳобийларнинг илмий одобларига таҳсинлар айтамиз. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан эшитиб туриб ҳам эҳтиёткор бўлганларига қойил қоламиз.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билган саҳобалар уларни бошқаларга етказишда ўта аниқлик билан ривоят қилаётганларига ишончлари комил бўлсагина бу ишга журъат этар эдилар. Акс ҳолда, ҳадис ривоят қилишдан ўзларини тияр эдилар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Кишига ҳар бир эшитган нарсасини гапираверишнинг ўзи гуноҳ учун етарли», деган эдилар.

Яъни, эшитган нарсасини орқа-олдига қарамай гапиравериш гуноҳга олиб боради, деганлар. Ҳар бир нарсани эшитгандан сўнг яхшилаб аниқлаб, кейин гапириш керак.

Саҳобалардан Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳу ҳадисни оз ривоят қиладиган кишилардан эдилар. Имом Бухорий ривоят қилишларича, Зубайр розияллоҳу анҳуга ўғиллари Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу:

«Фалончи-пистончиларга ўхшаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилганингизни эшитмайман», дебди.
У: «Мен У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажраганим йўқ-ку, лекин: «Ким мендан ёлғон гап айтса, дўзахдаги ўрнини тайёрлайверсин», деганларини эшитганман», деган экан.

Яъни, Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳу ҳадис ривоят қилишда бирор ноаниқликка йўл қўйиб, гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрққанлар.

Саҳобалардан Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳуга: «Ҳадис айтиб беринг», дейилса, «Ёшимиз улғайди. Эсдан чиқарадиган бўлиб қолдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис ривоят қилиш қийин нарса», дер эдилар.

Демак, саҳобаи киромлардан ҳадис ривоят қилишда ўта аниқлик билан иш тутаётганига қаттиқ ишонганларигина бу ишга журъат этганлар, қолганлар ўзларини тийганлар.

Шу билан бирга, умумий сиёсат шундай бўлганки, ҳадис ривоят қилувчилар текшириб турилган. Бу ишда заррача бепарволикка йўл қўйилмаган. Бу борада кўпроқ Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида бўлиб ўтган машҳур ҳодиса мисол қилиб келтирилади.

Имом Муслим Абу Саъид розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Абу Мусо розияллоҳу анҳу эшик ортидан туриб Умар розияллоҳу анҳуга уч марта салом берди. Унга изн бермаган эди, қайтиб кетди. Умар унинг ортидан одам юбориб:

«Нега қайтдинг?» деб сўратди. У:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сиздан бирортангиз уч марта салом берганида жавоб бўлмаса, ортига қайтсин», деганларини эшитган эдим», деди. Умар:

«Ана шунга ҳужжат келтирасан, бўлмаса, кунингни кўрсатаман», деди. Биз ўтирган эдик, Абу Мусо ранги оқарган ҳолда ҳузуримизга келди, биз унга:

«Сенга нима бўлди?» дедик. У бўлган воқеани айтиб:

«Сизлардан бирортангиз (ушбу ҳадисни) эшитганми?» деди. Биз:

«Ҳа, ҳаммамиз эшитганмиз», дедик. У билан бир кишини юбордилар. Ўша одам бориб хабар берди».

Албатта, бу ҳадисни Ҳазрати Умарнинг ўзлари ҳам яхши билар эдилар. Лекин сиёсат учун, одамлар ҳадис ривоят қилишдек масъулиятли ишни осон санаб, эътиборсиз бўлмасликлари учун шундоқ қилганлар. Шунинг учун ҳам воқеа бўлиб ўтгандан кейин Абу Мусо розияллоҳу анҳуга:

«Мен сени бирор нарсада муттаҳам қилмоқчи эмасман. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ўта аниқ бўлиши лозимлигини билдириб қўймоқчи эдим», деганлар.

Кўриниб турибдики, бир одам ким бўлишидан қатъи назар, ҳадис эшитганини даъво қилса, ундан бунинг исботи учун гувоҳ кўрсатиш сўралган. Яъни, ўша ҳадисни бир киши эмас, кўп киши эшитган бўлиши шарт қилиб қўйилган.

Имом Бухорий, Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар қилган ривоятда буюк саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирлари мен эшитмаган бир ҳадисни билиши ҳақида эшитиб қолдим. Бир туя сотиб олдим. Унга юкимни юкладим. Сўнгра бир ой йўл юриб, Шомга етиб бордим. Қарасам, у одам Абдуллоҳ ибн Анас ал-Ансорий экан. Олдига бориб:

«Менга маълум бўлишича, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан зулм қилганлар муомаласи ҳақида мен эшитмаган ҳадисни эшитган экансан. Ўша ҳадисни эшитгунча мен ўлиб қоламанми ёки сен ўлиб қоласанми, деб қўрқиб келдим», дедим. У ҳадисни айта бошлади…».

Мана азизлар, ёлғон хабар тарқатишликнинг қанчалик қабиҳ иш эканлигини, агар бу ёлғон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан бўлса, бу тўғридан-тўғри Аллоҳга ва Унинг динига нисбатан ёлғон эканлигини бир оз бўлсада ўрганиб чиқдик. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шариат аҳкомларини бевосита ўрганишлик бахтига сазовар бўлган саҳобаи киромлар қанчалик эҳтиёткорлик ва омонатдорлик билан ёндошган бўлсалар, орадан қарийб 1450 йилга яқин вақт ўтиб, бизнинг замондошларимизнинг баъзи бирлари мазкур омонатларга қанчалик бепарво бўлаётганликлари, балки билиб туриб хиёнат қилаётганликларини нима деса бўлади?

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси, 
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

Мавзуга оид