21:30 / 21.01.2017
4032

BI: Microsoft бутун дунё бўйлаб яна 700 та ходимини қисқартирмоқчи

Microsoft дунё бўйлаб ходимлари сонини яна 700 кишига қисқартирмоқчи, деб ёзмоқда Business Insider нашри. Шу тариқа компания ишчи жараёнларни оптималлаштирмоқчи.

BI манбаларига кўра, қисқартириш ҳақида 26 январда эълон қилинади. Қисқартиришлар аниқ бир бўлимга қаратилган бўлмайди ва компаниянинг барча давлатлардаги ишининг барча йўналишларига тааллуқли бўлади.

Бу қисқартириш компаниянинг умумий ходимлари сонига таъсир қилмайди. Ҳозирда бу миқдор 113 минг кишини ташкил қилмоқда. Бироқ доимий қисқартиришлар ҳақидаги хабар компания ходимларига босим ўтказади. Компания охирги марта 2016 йил июнда қисқартиришлар ҳақида эълон қилганди, ўшанда 2850 киши бўшатиб юборилган.

Компания бундай қисқартиришлар билан аниқ бўлимларда харажатларни камайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган. Компания шу йўл билан ўз позициясини ўзгартириб, ўз малакаларини компания учун оптимал усулда қўллай олиши мумкин бўлган одамларни топиш учун турли бўлимларида ходимларни янгилайди.

Microsoft қисқаришга тушган ходимларига компанияда бошқа бир позицияда иш топиш учун 60 кун мухлат беради. Компания 2015-2016 йилларда умумий ҳисобда 7 мингдан кўпроқ ходимини бўшатиб юборган, 2014 йил ўрталарида эса иш ўринлари сонини 18 мингтага камайтирган. 

Top