12:23 / 23.01.2017
5090

Хитойда давлат пулини ўмарган амалдор умрбод озодликдан маҳрум этилди

Хитойда мамлакатга қайтган иккита порахўр амалдорлардан бири умрбод озодликдан маҳрум этилди, иккинчиси эса саккиз йилга қамалди. Бу ҳақда Хитой коммунистик партияси тартиб-интизомни текшириш бўйича марказий комиссияси хабарида айтилади.

Цзянси вилоятидаги Шанжао шаҳрида Поян аҳоли пункти молия бошқармаси амалдорди Ли Хуабо давлат пулини ўмаргани учун умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди. Шунингдек, у барча сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этилиб, мол-мулки давлат ҳисобига ўтказилади. Ли Хуабо 2011 йилдан бери Сингапурда яшириниб келаётганди, бироқ 2015 йилнинг май ойида Хитойга экстрадиция қилинди. Хабар қилинишича, амалдор ўз айбига тўла иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон бўлган. 

Ляонин вилоятидаги Лоян шаҳрида эса шаҳар қўмитасининг собиқ котиби Ван Гоцян саккиз йилга қамалди. Унда келиб чиқиши номаълум бўлган “жуда ҳам кўплаб маблағлар” топилган. Ван Гоцян 2012 йилда АҚШга қочиб кетганди, бироқ 2014 йилнинг декабрь ойида Хитойга ўз хоҳиши билан қайтиб келди. Хабар қилинишича, амалдор ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон бўлган. Барча ўмарилган маблағлар эса тўлалигича давлатга қайтарилди. 

Хитой жамоатчилик хавфсизлиги вазирлиги ўтган йилнинг май ойи бошларида коррупция ёки лавозим жиноятларида гумон қилинган кишиларни қидириш бўйича янги кампания ҳақида маълум қилди. Кампанияга "Тулкиларни овлаш-2016" номи берилди. Вазирлик август ўрталарида Хитой ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари махсус тадбир давомида қидирувда бўлган ва чет элда яширинган 409та фуқарони қўлга олгани ҳақида хабар берди.

Top