Иқтисодиёт | 10:53 / 30.01.2017
26168
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги банк очилмоқда

Ўзбекистонда янги банк - «Ўзагроэкспортбанк» акциядорлик тижорат банки ташкил этилади. Бу Президентнинг 24 январдаги қарорида кўрсатиб ўтилган (ҳужжат матни Lex.uz сайтига жойлаштирилган).

Банк ташкил этилишидан мақсад — экспорт қилувчи ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт имкониятларини самарали ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш, агросаноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат ҳисобланади.

Банкнинг бошланғич устав капитали 10 млн евро. Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (7,5 млн евро, 75 фоиз), «Ўзбекинвест» компанияси (1 млн евро, 10 фоиз), «Ўзбекозиқовқатхолдинг», «Ўзагросуғурта» ва «Кафолат СК» (500 минг евродан ёки 5 фоиздан) банкнинг муассислари ҳисобланади.

2020 йилга қадар «Ўзагроэкспортбанк» 15 фоиздан кам бўлмаган улуш билан стратегик хорижий инвесторларни устав капиталига жалб этиши лозим бўлади.

Янги банк ва унинг филиаллари рўйхатга олинган санадан 5 йил муддатга барча турдаги солиқлар ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилади ва бўшаётган маблағлар банкнинг ресурс ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга мақсадли йўналтирилади. 

Мавзуга оид