Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учтепа тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тижорат банкининг масъул шахслари фуқаро И.М.га тегишли омонат маблағини қалбаки ҳужжатлар орқали қўлга киритгани маълум бўлган.

Тергов материалларига кўра, банк ходимлари маблағни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда 228-моддаси — ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда иш доирасида тегишли тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳолатга алоқадор барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди.