Жамият | 13:20 / 01.02.2017
10768
3 дақиқада ўқилади

“Ишлаш учун хорижга жўнатаман” ёхуд сохта фирма “ходимлари”нинг найранги

Ўзбекистонда ҳар ким хоҳлаган соҳада эркин фаолият юритиши учун барча ҳуқуқий асослар мавжуд. Бундан ташқари, фуқароларимизнинг турли мақсадларда чет элларга чиқиши қонуний тарзда мустаҳкамлаб қўйилган. Масалан, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ фуқароларимиз Кореяга ишлаш учун бориши мумкин. Аммо айрим шахслар бундан устамонлик билан фойдаланиб, фирибгарлик йўлини тутишаётгани афсусланарлидир.

“Постда” газетасининг ёзишича, қисқа вақт ичида кўплаб фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, чув туширган бу жиноий гуруҳнинг ташкилотчиси ва раҳбари Икром Абдуллаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) эди. 

Дастлаб унинг ўзи Корея Республикасига кетишни мақсад қилиб, корейс тилини ўргана бошлади. Бироз муддат ўтгач, Кореяга кетиш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлашга киришади. Табиийки, ҳужжат тайёрлаш жараёнида анчагина пул сарфлайди. Каттагина пул сарфлаганидан ичидан қиринди ўтиб юрган кезлари унинг миясига ўқув маркази очиш ҳақида ғоя келади.

У сохта ўқув маркази очиб, бу ерга ташриф буюрган фуқаролардан биридан Кореяга ишлашга юбориш мақсадида ҳужжатлар тайёрлаш, виза олиш, самолёт билети ва бошқа харажатлар учун 2 миллион 750 минг сўм пул олади. Сўнг фуқаронинг номида банкда чет эл валютаси борлиги ҳақидаги маълумот кераклигини айтиб, 200 АҚШ долларига буни ҳал қилиб беришини айтади.

Икром таниши – банк ходими Даврон Ҳамиджоновга 100 АҚШ доллари бериб, қалбаки маълумотнома олади. Уларнинг бундай ҳамкорлиги яна узоқ давом этади. Икром мурожаат қилиб келган ҳар бир кишидан 100 ёки 200 АҚШ доллари олиб, Даврондан сохта маълумотномаларни олаверади.

Шу зайлда унинг олдига ёрдам сўраб келган йигирмага яқин фуқарони алдаб, уларнинг ишончига киради. Икром ҳар бир мижоздан шартнома тузиш, элчихонага кириш, суҳбатдан ўтказиш ҳамда бошқа харажатлар учун деб ҳар бир мижоздан 1000 доллардан 3000 долларгача пул олади. Жарақ-жарақ пуллар кейинчалик гуруҳ аъзолари ўртасида бўлинади.

Аммо қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади, деганларидек, Икром ва унинг ҳамтовоқларининг ёлғонлари тезда орада фош бўлди. Уларнинг барчаси қонун доирасида жазо тортилди.

Мавзуга оид