14:53 / 01.02.2017
18882

«Сомон Эйр» Тошкентга авиарейслар учун чипта нархларини маълум қилди

Тожикистоннинг «Сомон Эйр» авиакомпанияси Душанбе-Тошкент рейси учун чипталар сотишни бошлади. Компания чипталарнинг янги нархларини маълум қилган.

Авиаташувчи матбуот хизмати хабарига кўра, бир томонга учиш учун чипта нархи 1164 сомоний (140 доллар).

«Нархлар аэропорт йиғими асосида белгиланган, Тошкент аэропортида бир йўловчига хизмат кўрсатиш 76 доллар», - дейилган «Сомон Эйр» хабарида.

Авиакомпаниядагилар Тошкент аэропорти билан музокаралар натижасида «чегирмалар тақдим этилиши ва бунинг эвазига бу йўналишдаги тарифлар камайтирилиши имкони пайдо бўлиши»га умид билдирган.

Бундан олдинроқ «Сомон Эйр» сайтида авиачипталар нархи бошқача келтирилганди: Тошкентгача рейс учун чипта баҳоси 177 евро, Тошкентдан Душанбегача рейс учун чипта баҳоси эса 200 евродан ҳам кўп.

Бундан олдинроқ 1992 йилдан бери биринчи марта Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги авиақатнов қайта тикланаётгани хабар қилинганди.

10 февраль куни Тожикистоннинг «Сомон Эйр» авиакомпанияси «Душанбе — Тошкент» йўналиши бўйлаб синов рейсини амалга ошириши кутилмоқда.

Авиакомпания 20 февралдан бошлаб мунтазам қатновларни йўлга қўймоқчи. Қишки мавсум якунига қадар рейслар ҳафтаси бир марта — душанба куни амалга оширилади.

Ёзги парвозлар жадвалида ҳафталик рейслар сони биттага кўпайиб, душанбадан ташқари, пайшанба куни ҳам қатнов амалга оширилади. Душанбедан Тошкентгача парвоз вақти 45 дақиқани ташкил этади. Душанбедан тахминан соат 10-00да парвоз қилиниб, учиш вақти 45 дақиқани ташкил этади. Тошкентдан эса соат 12-00да парвозга чиқилиши мумкин.

Top