Жаҳон | 10:52 / 10.02.2017
8285
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг шов-шувли фармони ижроси вақтинча тақиқланди

АҚШнинг Калифорния штати Сан-Франциско тўққизинчи округи апелляция суди мамлакат президенти Дональд Трампнинг иммиграция фармони ижросини вақтинча тўхтатиш бўйича суд қарорини маъқуллади. Уч нафар судьядан иборат ҳайъат қарори 9 февраль куни эълон қилинди. Уч кунлик муҳокамалардан сўнг, ҳакамлар ҳайъати Сиэтл федерал судьяси Жеймс Робартнинг қарорини ҳуқуқий асосланган, деб топган. Шу билан президентнинг иммиграция қоидаларини кучайтиришни кўзда тутувчи фармон ижроси вақтинча тўхтатилган. 

Апелляция суди қарорида айтилишча, Америка ҳукумати, аҳолисининг аксарияти мусулмонлар бўлган 7 давлат фуқароларини киритмаслик ўзини оқлаши ва Қўшма Штатлар миллий хавфсизлиги манфаатларига мос келишини исботлаб бера олмаган. Бундан ташқари, ҳукумат вакиллари суд эшитувлари чоғида, юқоридаги 7 мамлакат фуқароларидан бирор киши АҚШга киргач, террорчилик ҳаракатини содир этганига доир далилни тақдим эта олмаган. 

"Ижро фармонининг зарурлигини исботлайдиган далиллар тақдим қилиш ўрнига, ҳукумат ўзини гўё судьялар унинг қарорини шубҳа остига қўймаслиги керакдек тутган", - дейилади ҳакамлар ҳайъати баёнотида. 

Дональд Трамп суд тортишувларига сабаб бўлаётган иммиграция фармонини 2017 йил 27 январида имзолади. Унга мувофиқ, АҚШда қочқинларни жойлаштириш дастури 120 кунга тўхтатилди, Эрон, Ироқ, Сурия, Яман, Сомали, Судан ва Ливия фуқароларини 90 кун муддатга мамлакатга киритмаслик бўйича кўрсатмалар берилди. 

3 февраль куни Сиэтл федерал судьяси Жеймс Робарт Вашингтон ва Миннесота штатлари ҳукуматларининг иммиграция фармонига нисбатан мурожаатини кўриб чиқиб, унинг ижросига вақтинча тақиқ жорий қилди. 

Мавзуга оид