10:39 / 12.02.2017
14056

Туркманистонда президент сайловларида овоз бериш бошланди  

12 февралда Туркманистон президенти сайловлари ўтмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб сайлов участкалари маҳаллий вақт билан 07.00да очилди ва 19.00гача ишлайди. 

Ҳаммаси бўлиб 2587 та сайлов участкаси ишламоқда, улардан 39 таси Туркманистоннинг хориждаги ваколатхоналарида очилган.

Сайловчилар рўйхатига 3223455 киши киритилган. Туркманистонда сайловларда қатнашиш чегараси белгиланмаган ва шу сабабли улар сайловчиларнинг исталган иштирокида бўлиб ўтган деб ҳисобланади. 

Сайловчиларнинг ярмидан кўпроқ овозини тўплаган номзод Туркманистон президенти этиб эълон қилинади.  

Туркманистон президенти лавозимига ҳаммаси бўлиб 8 номзод, жумладан мамлакат президенти Гурбангули Бердимухамедов даъвогарлик қилмоқда.

Туркманистоннинг 2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган янги конституциясига кўра, Туркманистон президенти ваколатлари 5 йилдан 7 йилгача узайтирилди, шунингдек президент бўлиш учун юқори ёш чегараси олиб ташланган. Аввал бу чегара 70 ёшни ташкил қилган.

Туркманистон президенти шу мамлакатда туғилган, 40 дан ёш бўлмаган, давлат тили бўлган туркман тилини биладиган, охирги 15 йил давомида Туркманистонда яшаб, ишлаган фуқаро бўла олади. 

Top