Ўзбекистон | 14:39 / 17.02.2017
59771
7 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш тизими муаммолари. 1-қисм: Туғуруқхона

2017 йилнинг 8 февраль куни Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан “Пресс клуб” ташкил этилди. “Халқ саломатлиги: муаммо ва долзарб вазифалар” мавзусида ташкиллаштирилган учрашувда оммавий ахборот воситалари вакиллари Бош вазир ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромов, вазирликнинг бошқа амалдорлари, тиббиёт соҳасидаги олий ўқув юртлари ректорлари, тегишли илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари билан учрашиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Ана шу учрашувда Адҳам Икромов ҳам туғуруқхоналардаги порахўрлик ёки “суюнчи пули” ҳақида берилган саволга жавоб қайтарди. Унинг айтишича, хизмат мутлақо бепул бўлиши лозим.

“Бунинг натижасини кўриш учун бу ерда ишлайдиган ходимларга алоҳида мотивация беришимиз керак. Уларнинг ойликларини бошқа тиббиёт ходимлариникидан 2-3 баробаргача ошириш лозим. Ҳар қандай ниятда берилаётган ва олинаётган моддий рағбат ҳам қонунан, ҳам инсонийлик нуқтаи назаридан тақиқланади”, деди вазир.

Янги урф-одат

Халқимизда “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди”, деган нақл бор. Юқорида бўлиб ўтган учрашувда туғуруқхоналар масаласига бежиз тўхталинмаган. Гўёки ўзбекнинг янги урф-одатига айланган, қилмаса миллат қадрияти оёқости бўлиб қоладигандек туюладиган туғуруқхонадаги “қистир-қистир”, аниқ айтадиган бўлсак, порахўрлик анчадан буён оғриқли нуқталаримиздан бири бўлиб келмоқда. Нафақат порахўрлик, балки у ердаги шароит, беморларнинг моддий ҳолатига қараб муомалада бўлиш, каби ҳолатлар зудлик билан йўқ қилиниши лозим бўлган иллатлардир. Бунга таҳририятимизга келган айнан шу мазмундаги мактублар ҳам гувоҳлик бериб турибди. Бугун эътиборингизга, Ўзбекистоннинг турли чеккаларида айнан туғуруқхоналар билан боғлиқ муаммолар кўтарилган айрим мактубларни ҳавола этишни лозим топдик.

Есанг ҳам емасанг ҳам пул тўлайсан!   

“Ассалому алайкум. Сизга туғуруқхоналар ҳақида савол ва таклифим бор. Чиндан ҳам туғуруқхоналар шифокорлар учун даромад манбаи бўлиб қолди. Даволанишга борсангиз ҳам, туғишга борсангиз ҳам пул! Аёлни дард тутиб турибди, аммо улар қўлига қарашади. Айниқса, кесарча кесиш йўли билан она бўлган аёллар учун туғуруқхонага келиш ҳам бир муаммо. Чунки операция учун фалон пул тўланади. Нега бундай ҳолатлар назорат қилинмайди? Ким пул тўлаб қўйган бўлса, яхши қарашади, бермаганга қўл учида қарашади. Туғуруқхоналарда янги кўзи ёриган аёлларга берилаётган овқатларни кўрганмисиз? Уни уйингиздаги аёлингизга ҳам раво кўрмайсиз. Таомнинг на ранги бор ва на мазаси. Болалар шифохоналаридаги овқатлар ҳам назорат қилинса, яхши бўлар эди. Норасида гўдакларга берилаётган овқатнинг мазаси, калорияси умуман йўқ. Ўша таомларни беморларнинг 90 фоизи емайди, лекин касалхонадан кетаётганда, албатта, овқат пулини тўлаб кетишади. Палаталар ҳам ачинарли ҳолатда. Кўп жойларда тозаликка амал қилинмайди. Фақатгина хусусий клиника ва касалхоналар талабга жавоб беради, деса бўлади. Чунки уларда тўлов катта миқдорда. Умуман олганда келажагимиз давомчиларига яхшироқ аҳамият қаратилса, яхши бўларди”, дейди Мукамбар исмли ўқувчи.

Юзга сочиб юборилган пуллар

Султонов Шуҳрат Шукурович исмли фуқаро қуйидаги мактубни ҳавола этган: “Яқинда тоға бўлиш бахтига муяссар бўлдим. Фарзанд ҳар бир хонадонга қувонч олиб киради, албатта. Поччам хизмат сафарида бўлганлари учун опамнинг туғуруқ вақтида ёнида бўла олмадилар. Шу сабабли туғуруқхонага опамни дарди тутган вақтда онамлар олиб бордилар. Опамнинг туғуруқ вақти етиб келиб, кўзи ёриди. Аллоҳга шукур-ки, бола дунёга соғлом келди. Бу учун шифокорларга миннатдорчилик билдираман! Лекин онамнинг гаплари мени ўйлантириб қўйди. Қиз фарзанд дунёга келди, онам хурсанд бўлганларидан шифокорга суюнчи берибдилар. Шунда шифокор суюнчи пулини олиб, онамга қараб отиб юборибди: “Бу пулни санитаркаларга берасиз. Мен қизингизни туғдирдим”, деб дўқ-пўписа қилибди. Онам берган суюнчи камлик қилган ҳойнахой. Бу гапларни эшитиб, жудаям хафа бўлиб кетдим. Онамлар бир неча кунгача ўзларига кела олмадилар. Наҳотки инсон қадр-қиммати шифокорлар учун чўнтакдан чиқадиган пулни миқдорига қараб ўлчанса? Мен сизларга ҳеч нарсани исботламоқчи эмасман. Ҳозирда менинг ҳам турмуш ўртоғим ҳомиладор. Эртага юқорида айтиб ўтган нохуш воқеа нафақат менинг, балки бошқа бир инсонларнинг бошига тушиши мумкин-ку. Шунга ўхшаш ҳолатлар юзага келмаслиги учун инсон қадр-қиммати ҳеч бир нарса билан ўлчанмаслигини эслатиб қўймоқчиман, холос”.

Шифокор дейди: “...туғишига ҳали бор, уни олиб кетинг”

“6 февраль куни Наманган вилояти Чортоқ тумани марказий поликникасидаги туғуруқхонада синглимни кўзи ёриди... 6 февраль куни соат бирларда синглим Акпарова Нигорани тўлғоқ тутиб, Чортоқ туманига олиб келинган. Маҳмуда Усманова исмли шифокорнинг билимсизлиги ва лоқайдсизлиги туфайли ҳали туғишига вақт бор, деб синглимни қайтариб юборган... Синглим уйига қайтиб боргач, оғриқ кучайиб кетиб, соат тўртларда яна туғуруқхонага қайтиб борган... Шифокорларни лоқайдсизлиги туфайли чақалоқ ва онанининг ҳаёти хавф остида қолди. Чақалоқ ярим жон билан туғилди. Чақалоққа кислород баллонини улаш керак бўлиб қолди. Шундай катта марказий поликлиникада кислород баллони битта экан. Болалар жонлантириш бўлимида бошқа бола аҳволи оғир ҳолатда бўлгани учун унга улаб қўйилган. Бошқа чақалоқлар уни кутиб туролмайдику оғир аҳволда.. Ҳозирда чақалоқнинг ҳолати яхшиланиб бормоқда, лекин Чортоқ тумани марказий поликлиникасида туғуруқхонасида тамагирлик кучайиб кетган врачлар ва ҳамширани "киссасини пул билан тўлдирсангизгина” яхши қарайди... Ахир ҳурматли президентимиз халқнинг дарди билан қанча ислоҳотларни амалга оширмоқдалар-ку... Шифокорлар ва ҳамширалар қўлингизга қараб турибди, безбетларча пулни сўраб олишмоқда... Зора ҳурматли президентимизни 7 февралда шифокорларга айтган гаплари бу одамларга таъсир қилса”, дейилади бошқа бир мактубда.

Бир ҳикмат...

Боланинг дунёга келиши Аллоҳ берган энг улуғ неъмат шарофатидан бўлади. Поклик, беғуборлик дунёга келади ўша лаҳзаларда. Унинг онаси-да улуғ мақомда бўлади. Аммо остонада ўлжасини пойлаб ўтирган тамагирлар мана шу поклик фитратига қора чаплашади. Пора олиш, яъни ҳаром ишга қўл урилади. Бермаса бўлмайди-да, дегувчилар жуда кўп. Пул бермаса она-болага ҳеч ким қарамайди-да, дегувчилар ҳам жуда кўп. Аммо энди қонун ҳамма ерда устун, дегувчилар ҳам бор. Ана шундайлар сафида бўлмоқ керак, зеро улар ҳам яқинда жуда кўп бўлади.

Сарвар Анвар ўғли,
Kun.uz журналисти

Мавзуга оид