2017 йилнинг 8 февраль куни Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан “Пресс клуб” ташкил этилди. “Халқ саломатлиги: муаммо ва долзарб вазифалар” мавзусида ташкиллаштирилган учрашувда оммавий ахборот воситалари вакиллари Бош вазир ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромов, вазирликнинг бошқа амалдорлари, тиббиёт соҳасидаги олий ўқув юртлари ректорлари, тегишли илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари билан учрашиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Ана шу учрашувда Адҳам Икромов ҳам туғуруқхоналардаги порахўрлик ёки “суюнчи пули” ҳақида берилган саволга жавоб қайтарди. Унинг айтишича, хизмат мутлақо бепул бўлиши лозим.
“Бунинг натижасини кўриш учун бу ерда ишлайдиган ходимларга алоҳида мотивация беришимиз керак. Уларнинг ойликларини бошқа тиббиёт ходимлариникидан 2-3 баробаргача ошириш лозим. Ҳар қандай ниятда берилаётган ва олинаётган моддий рағбат ҳам қонунан, ҳам инсонийлик нуқтаи назаридан тақиқланади”, деди вазир.
Янги урф-одат
Халқимизда “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди”, деган нақл бор. Юқорида бўлиб ўтган учрашувда туғуруқхоналар масаласига бежиз тўхталинмаган. Гўёки ўзбекнинг янги урф-одатига айланган, қилмаса миллат қадрияти оёқости бўлиб қоладигандек туюладиган туғуруқхонадаги “қистир-қистир”, аниқ айтадиган бўлсак, порахўрлик анчадан буён оғриқли нуқталаримиздан бири бўлиб келмоқда. Нафақат порахўрлик, балки у ердаги шароит, беморларнинг моддий ҳолатига қараб муомалада бўлиш, каби ҳолатлар зудлик билан йўқ қилиниши лозим бўлган иллатлардир. Бунга таҳририятимизга келган айнан шу мазмундаги мактублар ҳам гувоҳлик бериб турибди. Бугун эътиборингизга, Ўзбекистоннинг турли чеккаларида айнан туғуруқхоналар билан боғлиқ муаммолар кўтарилган айрим мактубларни ҳавола этишни лозим топдик.
Есанг ҳам емасанг ҳам пул тўлайсан!
“Ассалому алайкум. Сизга туғуруқхоналар ҳақида савол ва таклифим бор. Чиндан ҳам туғуруқхоналар шифокорлар учун даромад манбаи бўлиб қолди. Даволанишга борсангиз ҳам, туғишга борсангиз ҳам пул! Аёлни дард тутиб турибди, аммо улар қўлига қарашади. Айниқса, кесарча кесиш йўли билан она бўлган аёллар учун туғуруқхонага келиш ҳам бир муаммо. Чунки операция учун фалон пул тўланади. Нега бундай ҳолатлар назорат қилинмайди? Ким пул тўлаб қўйган бўлса, яхши қарашади, бермаганга қўл учида қарашади. Туғуруқхоналарда янги кўзи ёриган аёлларга берилаётган овқатларни кўрганмисиз? Уни уйингиздаги аёлингизга ҳам раво кўрмайсиз. Таомнинг на ранги бор ва на мазаси. Болалар шифохоналаридаги овқатлар ҳам назорат қилинса, яхши бўлар эди. Норасида гўдакларга берилаётган овқатнинг мазаси, калорияси умуман йўқ. Ўша таомларни беморларнинг 90 фоизи емайди, лекин касалхонадан кетаётганда, албатта, овқат пулини тўлаб кетишади. Палаталар ҳам ачинарли ҳолатда. Кўп жойларда тозаликка амал қилинмайди. Фақатгина хусусий клиника ва касалхоналар талабга жавоб беради, деса бўлади. Чунки уларда тўлов катта миқдорда. Умуман олганда келажагимиз давомчиларига яхшироқ аҳамият қаратилса, яхши бўларди”, дейди Мукамбар исмли ўқувчи.












