19:26 / 21.02.2017
11215

Брюсселда АҚШга яна бир штатни қўшиб қўйишди

Фото: AP

АҚШ вице-президенти Майк Пенс ва Европа кенгаши раҳбари Дональд Тускнинг душанба кунги учрашуви пайтида ҳар икки томонга АҚШ ва Европа Иттифоқи байроқлари ҳамроҳлик қилди. Бироқ Америка давлат тимсоли бу сафар баъзи бир ўзгаришлар билан ажралиб турди: сиёсатчилар ортидаги экранда 50та юлдуз ўрнига 51та оқ юлдузни кўриш мумкин эди.

Америка байроғидаги ҳар бир юлдуз мамлакатдаги 50та штатдан дарак беради, одатда улар олти юлдуздан иборат беш қатор ҳамда беш юлдузли тўрт қаторни ташкил этади. Байроқнинг Брюсселдаги нусхаси эса тўққиз юлдуздан иборат уч қатор ва саккиз юлдузли уч қатордан иборат бўлган.

Шу билан бир қаторда, Америка байроғида Британия мустамлакаларидан дарак берувчи чизиқлар сони тўғри бўлган – 13та. ЕИ байроғи эса ҳеч қандай хатоларсиз бўлган, унда айлана бўйлаб 12та олтин юлдуз жойлаштирилган.

“Ассошиэйтед Пресс” агентлигининг таъкидлашича, Европа кенгаши ҳозирча бу ҳолат юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермади.

Аввалроқ Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер АҚШ вице-президентига Европани  ўзининг илк хорижий ташрифи учун жой сифатида танлаганига миннатдорлик билдирганди.

Top