Жамият | 18:51 / 22.02.2017
5624
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик танишувлар сайтидаги фирибгарлиги учун узоқ муддатга қамалди

Хитой суди танишувлар сайти фойдаланувчиларидан 145 минг доллар ўмарган, Шанхайда яшовчи эркакни 11 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилди.

"Шанхай жибао" нашрининг ёзишича, 6 аёл фирибгарнинг қурбони бўлган. Эркак аёллар билан Хитойдаги машҳур танишувлар сайти орқали танишган. Фирибгар ўзини Хитой-АҚШ молиявий мутахассиси сифатида таништирган.

Путо тумани суди материалларига кўра, жиноятчи аёлларни унинг назоратида бўлган инвестицион веб-сайт орқали маблағлар сармоя қилишга кўндирган. Сармоя қилинган барча пуллар эса унинг ҳисоб рақамига тушган. Аёллар маълум вақт сайтдан пул ечиб юрганлар. Бироқ кейинроқ уларнинг барча омонатлари "ғойиб бўлган".

Фирибгарнинг рафиқаси ҳам иштирок этган алдов схемаси ўтган йил март ойида жабрдийда аёллардан бири 300 минг юан (44 минг доллар) пулини қайтаришни талаб қилгандан кейин фош қилинган. У пулларни ололмагач, полицияга мурожаат қилган. Бироз вақтдан кейин қолган жабрланувчилардан ҳам даъво аризалари келиб тушган.  

Фирибгар нафақат ўзини, балки рафиқасини ҳам ўзи билан қамоққа тортиб кетди: аёл 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Мавзуга оид