21:49 / 22.02.2017
70411

Хоразмда GM Uzbekistan ходимлари ҳибсга олинди

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бош бошқармаси тезкор ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходимлари билан биргаликда Хоразм вилоятида GM Uzbekistan компанияси ходимларини жиноят устида қўлга олдилар, деб хабар бермоқда Sputnik нашри.Урганчда яшовчи икки шахс – GM Uzbekistan’нинг Хоразм вилояти филиали кассири Улуғбек Ўтамуратов ва шу филиал омбори бошлиғи Қурбонназар Собиров 1400 доллар пора олаётганда ҳибсга олиндилар. Улар шу пуллар эвазига "Хоразмавтотеххизмат"нинг  "Дамас" автомобили сотиб олиш учун шартномасини олишда кўмак кўрсатишлари керак эди", деб маълум қилди МХХ вакили.

Ҳибсга олинганларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Таъкидлаш жоизки, МХХ охирги йиллар мамлакат автомобиль саноати тизимида йўл қўйилаётган фирибгарлик ва товламачиликларга қарши курашни фаоллаштирган. Бу эса жиноятлар миқдори анча камайишига ва расмий дилерлик тармоғидан нопок сотувчиларни истисно қилишга имкон берди.

Top