20:38 / 23.02.2017
15161

Хизматдан қайтган аскарларга бўш ишчи ўринлари таклиф этилди

Қамчиқ довонидан тунел очиб ундан темир йўл ўтказилиши водий вилоятларини пойтахт ва мамлакатнинг барча худудлари билан боғланиш имкониятини янада мустахкамлади. Қўқон, Марғилон, Андижон ва Поп темир йўл вокзаллари барча шарт-шароитлар яратилган инфратузилмага эга бўлди. Бугун эса Марғилон вокзали ўзгача файзли эди. Бу ерга юрт оқсоқоллари, ватан ҳимоячилари сафидан ўрин оламан деган ёш йигитлар, санъаткорлар ва вилоят жамоатчилиги йиғилди. Кун пешиндан оғганида эса карнай-сурнай наволари янгради. Электрлаштирилган тезюрар поезд вокзал перонига келиб тўхтади. Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги ҳарбий қисмларда ватан олдидаги йигитлик бурчини адо этиб ўз уйига қайтаётган 123 нафар аскар алвон гуллар билан кутиб олинди. Шу ернинг ўзида бўлиб ўтган тантанада Фарғона вилояти, Марғилон шаҳри жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб аскар фарзандларига миннатдорчилик билдирдилар.

- Бугун бу ерга келган ёшлар сизларнинг тимсолингизда ватан фидойиларини кўрмоқдалар, - деди Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев. – Сизлар учун вилоятимиздаги барча ишлаб чиқариш корхоналари бўш ишчи ўринларини тавсия этмоқда. Биз келгусида олий ўқув юртларида ўқимоқчи бўлган ёшлар учун ҳам вақтинчалик иш ўринлари ҳозирлаганмиз.

- Мен бир-икки кун оила қучоғида бўлгач, бугун тавсия қилинган бўш вазифалар ичидан ўзимга муносибини танлаб олиб иш бошлайман, - дейди захирадаги аскар Улуғбек Анваржонов. 

- Мен эса тадбиркорлик билан шуғулланмоқчиман. Хизматдан қайтиш арафасида онам билан телефонда гаплашган эдим, банк ходимлари уйимизга келиб тадбиркорлик учун имтиёзли кредит таклиф этишибди, - деди яна бир аскар.

Тантана чоғида ҳарбий хизматдан қайтган аскарларга эсдалик совғалари, Навоий, Бобур, Эркин Воҳидов асарлари  ва Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китоби ҳамда вилоят меҳнат бошқармасининг бўлим ва мутахассислари, бўш ишчи ўрни таклиф қилган корхоналар хақидаги тўлиқ маълумотлар берилди.

Муҳаммаджон Обидов

Top