Спорт | 11:02 / 27.02.2017
5296
2 дақиқада ўқилади

Саппорода VIII қишки Осиё ўйинлари якунланди, Миша Ге олтинчи ўринни эгаллади

Япониянинг Саппоро шаҳрида бўлиб ўтган VIII қишки Осиё ўйинлари ўз якунига етди. 26 февраль оқшомида Макоманай муз саройида мусобақанинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Мусобақада Ўзбекистон шарафини фигурали учиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Миша Ге ҳимоя қилди. 

24 февраль санасида ўтказилган қисқа дастурда у Ҳонгконг, Хиндистон, Индонезия, Филиппин, Қозоғистон, Малайзия, Тайван, Жанубий Корея, Хитой, Япония ва Австралия каби мамлакат вакилларидан иборат 21 кишилик гуруҳда 76,18 балл билан 8-ўринни эгаллади. 26 февраль куни, яъни мусобақанинг сўнгги кунида эса у эркин дастурда ўз омадини синаб кўрди.  

Эркин дастурда Миша Ге бир мунча омадли қатнашди ва якунда 157, 75 балл билан ўз иштирокини 5-ўринда якунлади. Натижада ҳар иккала йўналиш бўйича умумий 233,93 балл жамғарган спортчи VIII қишки Осиё ўйинларида кучли олтиликдан жой олди. 

Фигурали учишда олтин медаль япониялик Уно Шомага насиб этган бўлса, хитойлик спортчилар Жин Боянг ва Ян Хан мос равишда кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлишди.

Умумжамоа ҳисобида эса мусобақада Япония терма жамоаси аъзолари 74та медаль билан биринчи ўринни эгаллашди. Кунчиқар юрт вакиллари 27та олтин, 21та кумуш ва 26та бронза медалларига эга чиқишди. 

Жанубий Корея терма жамоаси аъзолари 16та олтин, 18та кумуш ва 16та бронза билан жами 50та медаль жамғаришди ва бу борада иккинчи бўлишди. Хитой терма жамоаси эса (12та олтин, 14та кумуш, 9та бронза) кучли учлика якун ясаб берди.

Мавзуга оид