Фан-техника | 10:23 / 28.02.2017
20259
2 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчисиз автомобиллар пойгаси учун машина намойиш этилди

Испаниянинг Барселона шаҳрида мобил саноатнинг энг йирик кўргазмаси Mobile World Congress (MWC-2017) бўлиб ўтмоқда. Унда Roborace пойгасида иштирок этиши кўзда тутилган спорткарнинг якуний намунаси намойиш этилди. Бу пойга мусобақасида сунъий ақлга эга бўлган машиналар куч синашади. Йўналишлар электромобиллар учун мўлжалланган Формула E чемпионатига ўхшаш бўлади. 

Пойга автомобилининг узунлиги 5 метрга яқин, энига 2 метрни ташкил этади. Ҳайдовчисиз автомобилга 4та 300 киловаттлик электромотор ўрнатилган бўлиб, вазни 975 кгга тенг. У соатига 320 км тезликда ҳаракатлана олади. 

Автомобиль Американинг видеопроцессорлар ишлаб чиқарувчи Nvidia томонидан ишлаб чиқилган Drive PX2 суперкомпьютери билан бошқарилади. Компьютерга маълумотларни 5 дона лидар, 2та радар, 18та ультратовушли датчик, 2та оптик тезлик ўлчагич, 6та (улардан бири 360 даражали) видеокамера узатади. 

Февраль ойи ўрталарида Roborace пойга сериясининг илк мусобақаси бўлиб ўтган эди. Унда машинанинг якуний намунаси эмас, балки DevBot деб номланган прототипи қатнашди. Бу пойга авария билан якунланди. Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра,  сунъий ақл чегараларни кенгайтирмоқчи бўлган, оқибатда автомобиль тўсиққа келиб урилган. 

Шу йилнинг июль ойидан Roborace пойгасида иккита машина қатнашади. Келаси йилги Формула Е мавсумидан ҳақиқий чемпионат бошланади. Тахминларга кўра, машиналарнинг техник кўрсаткичлари бир хил бўлади, аммо жамоалар машиналарни бошқарувчи дастурий таъминотлар борасида ўзлари истаганларини танлаши мумкин бўлади. 

 

Мавзуга оид