14:42 / 28.02.2017
8866

BlackBerry эгаси клавиатурали Android-смартфонни тақдим этди

Хитойнинг TCL компанияси MWC-2017 кўргазмасида клавиатурали Android-смартфонни намойиш қилди. Ушбу компания BlackBerry номи остида телефонлар ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга. Телефон BlackBerry KeyOne деб номланади ва 549 АҚШ долларига яқин туради, деб ёзади Business Insider.

Қурилмага жойлаштирилган клавиатура ўзига хос сенсорлик вазифасини ҳам бажаради. Масалан, кафтингизни клавиатура узра ён томонга ҳаракатлантириш билан суратларни ўтказиш мумкин. Пробелга бармоқ изининг сканери жойлаштирилган. Бундан ташқари, ҳар бир тугмачага маълум бир иловани бириктирса бўлади. Жумладан, «S» ҳарфи узоқ босилса, Snapchat иловаси ишга тушади. 

Смартфон 4,5-дюймли, 1620*1080 пикселли экранга эга. Business Insider нашрининг ёзишича, бу замонавий смартфонлар бозоридаги энг кичик экранлардан биридир. 

KeyOne ўрта даражадаги Qualcomm Snapdragon 625 процессоридаа ишлайди. Бироқ, 3500 мА/соатлик батарея унинг анча узоқ вақт ишлашини таъминлаши керак. Смартфонга, шунингдек, 3 Гб оператив, 32 Гб ички хотира ўрнатилган, бунда ички хотирани microSD ёрдамида 2 Тбга етказиш мумкин. Асосий камера 12, олд камера 8 мегапикселли. 

Янги телефон Android 7.1 Nougat дастурий таъминотида ишлайди. Унга BlackBerry иловалари, мисол учун BlackBerry Messenger ҳам ўрнатилади. 

TCL BlackBerry KeyOne телефонини шу йил апрелдан сотувга чиқаришни режалаштирмоқда.

 

Top