Фото: Самарқандда рельсга илк трамвай қўйилди
Самарқанд шаҳрида трамвай ҳаракатини йўлга қўйиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бугунги кунга келиб трамвай йўл изига трамвай илк вагони ўрнатилган.
Айни вақтда Рўдакий кўчасида шпал ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда, Сартепа (Саттепо) мавзесида эса Бухоро темир йўллари усталари ўз ишларини якунлаган. Самарқанд янги трамвайнинг биринчи йўналиши Сиёб бозори ва гавжум Сартепа мавзеси оралиғида қатнайди.
"Самаркандский вестник" нашрининг эслатишича, Наврўз куни самарқандликлар трамвай хизматидан илк марта фойдаланишлари мумкин бўлади.
Қайд этиш керакки, Самарқандда 1947—1973 йилларда ҳам трамвай қатнови мавжуд бўлган, аммо шаҳар йўллари торлиги туфайли трамвай олиб ташланганди. Эски трамвай атиги битта йўналишдан иборат эди, у «Шаҳар темирйўл вокзали — Сиёб бозори» қатнови бўйлаб йўловчиларга хизмат кўрсатган.
Кейинги йилларда шаҳарда, хусусан, Рўдакий ва Беруний кўчаларида реконструкция ишлари олиб борилиши натижасида йўллар сезиларли даражада кенгайтирилган ва трамвай ҳаракатланиши учун шароит пайдо бўлган.
Эслатиб ўтамиз, май ойида Тошкентдаги охирги трамвай йўналиши ёпилган эди. Шундан сўнг, Тошкент учун 2011—2012 йилларда Чехиядан олиб келинган Vario LF трамвайлари Самарқандга олиб кетилди.
2016 йилнинг 5 октябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлган Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев аҳолига қулайлик яратиш борасида замонавий трамвай линиялари барпо этиш зарурлигини таъкидлади ва шаҳарда дастлабки трамвай қатновини 2017 йил Наврўз байрамига қадар йўлга қўйиш ҳақида кўрсатма берган эди.
Шаҳар кўчаларини биринчи трамвайлар ҳаракати учун тайёрлаш ишларида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик компанияси ходимлари, Тошкент, Бухоро, Навоий, Учқудуқ ва Когондан келган мутахассислар самарқандлик ҳамкасблари билан биргаликда иш олиб бормоқда.
Шаҳарда тўртта трамвай тармоғи қурилиб, унинг жами узунлиги 34,8 километрни ташкил этади.
Қурилиш ишлари 2 босқичда олиб борилмоқда. Ўтган йил ноябрида бошланган биринчи босқичда шаҳар темирйўл вокзалидан Сартепа мавзесигача 6,4 километрлик бўлак қурилиши белгиланганди. Бу йўлда иккита айланма йўл, электр токини мослаб берувчи тўртта подстанция ва битта депо бўлиши кўзда тутилган.
Кейинчалик қурилиш ишлари темирйўл вокзалидан Сиёб бозорига қадар давом эттирилади. Мазкур йўналиш узунлиги 5 километрни ташкил этади.
Иккинчи босқичда вокзалдан Спитамен кўчаси бўйлаб Суперфосфат заводига қадар давом этадиган 12,4 километрлик трамвай йўли қурилади. Вокзал ва заводни яна бир — Нарпай кўчасидан ўтадиган 11 километр йўл орқали ҳам боғлаш режалаштирилган.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024