Фан-техника | 19:11 / 02.03.2017
6938
3 дақиқада ўқилади

Porsche янги универсални тақдим этди

Porsche компанияси Panamera Sport Turismo универсалини расман тақдим этди, унинг омма олдидаги илк намойиши Женевадаги автосалонда бўлиб ўтади. 2012 йилда моделнинг сериядан аввалги варианти Париждаги моторшоуда тақдим этилганди.

Янги модель иккинчи авлоддаги Panamera негизида яратилди. Sport Turismo’нинг узунлиги 5049, эни – 1937, баландлиги эса - 1428 миллиметрни ташкил этади. Моделнинг ғилдирак базаси 2950 миллиметрга тенг. Шу тариқа, янгилик ҳажм жиҳатидан моделнинг бошланғич нусхаси билан бир хил. Фақатгина баландлик жиҳатидан фарқ бор – универсал беш миллиметрга баландроқ.

Porsche Panamera Sport Turismo юк қисми ҳажми иккинчи қатордаги ўриндиқлар суянчиғи кўтарилганди 520 литр (гибридли нусха учун 425 литр)ни ташкил этади. Бу иккинчи авлоддаги оддий «Панамера» билан таққослаганда 20 литрга кўпроқ. Орқа ўриндиқлар суянчиқлари туширилганда ҳажм 1390 литрга ортади.

Автомобиль ишлаб чиқарувчисининг таъкидлашича, янгилик орқада учта ўринга эга бўлган илк «Панамера»дир. Шу билан бирга, мижозлар иккинчи қаторда иккита алоҳида ўриндиққа эга модификацияга ҳам буюртма беришлари мумкин.

Универсал юк қисми томида фаол спойлер билан жиҳозланган. У соатига 170 километр тезликка чиқса, етти даражага пасаяди. Қанот 170 километр тезликдан ошса, аксинча тепага бир даражага кўтарилади. 

Қанот шунингдек шамолдан келадиган шовқинни пасайтиришда ҳам қўлланилади. Соатига 90 километр тезликда очиқ люкда қанот тепага 26 даражага кўтарилади, бу салонга кирувчи шовқин миқдорини камайтиради.

Porsche Panamera Sport Turismo универсали аввалига бешта нусхада таклиф этилади: Panamera 4 Sport Turismo (330 от кучи), Panamera 4 E-Hybrid Sport Turismo (462 от кучи), Panamera 4S Sport Turismo (440 от кучи), Panamera 4S Diesel Sport Turismo (422 от кучи), шунингдек Panamera Turbo Sport Turismo (550 от кучи).

Германияда моделлар сотилиши октябрь ойидан бошланади. Универсалнинг бошланғич нусхаси тахминан 97 минг 557 еврога баҳоланмоқда.

Мавзуга оид