14:49 / 05.03.2017
27685

Piyoda challenge: Сирдарё вилояти ҳокими аҳоли муаммоларини ўрганиш учун 14 км пиёда йўл босди

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва бошқа қатор мутасадди ходимлар вилоят ва аҳоли ҳаётини ўрганиб, муаммоларни бартараф этмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, ҳоким вилоят корхона, ташкилот ва муассасалар, шаҳарнинг мутасадди раҳбарлари билан бир кунда 14 километр яёв юриб, 3-мавзени қадам-бақадам кезгани, унинг эртаси қандай бўлиши ҳақида кенгашгани хабар қилинди.

Тегишли бунёдкорлик ишлари Гулистон шаҳрида ҳам олиб борилмоқда. Маҳаллаларда тозалик ва тартибга эришиш мақсадида гаражлар бузилиб, ноқонуний қурилишлар ва тўсиқлар олиб ташланмоқда. Аҳоли бундан мамнун эканлигини билдирмоқда.

Режаларга мувофиқ, Гулистон шаҳридаги «Ҳабибтекс»нинг филиали ишга тушади. У 1000 га яқин ишчи ўрнига эга. Шаҳардаги бу йирик фабриканинг асосий ишчи-хизматчилари касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари бўлади.

«Вилоят ҳокими туманларнинг биридан қайтаётган экан, йўлда халойиқ бандаликни бажарган юртдошини қабристонга олиб кетаётганини кўрибди ва дарҳол машинадан тушиб, тумонат орасига кириб, тобутга етиб, уни елкасига олибди. Қабристонга борибди, у ерда барча амаллар бажариб бўлингач, атрофни айланиб кўрибди. Норози бўлибди. Қабристон бундай хароб бўлмаслиги керак-да, деганмиш. Бу воқеа ҳам элимиз орасида тарқалиб кетди. Дарвоқе, ўша қабристон Мирзаобод туманида эди», дейилган хабарда.

Top