Ортда қолган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим янгиликлари - Kun.uz дайжестида.

Банклар солиқ органига автоматик маълумот узатиши таклиф этилди

206 млн сўм. Агар сизнинг картангизга одамлар ойига шунча миқдордан кўп пул ўтказса, солиқчиларнинг сўроқ-саволига тайёр туришингизга тўғри келиши мумкин. Солиқ қўмитаси картадан картага ўтказмаларни мониторинг қилишга оид навбатдаги ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Лойиҳага кўра, жисмоний шахснинг банк картасига бошқа жисмоний шахслардан бир ой давомида БҲМнинг 500 баравари, яъни 206 млн сўмга тенг миқдорда маблағ келиб тушса, банклар бу ҳақда автоматик равишда солиқ органига хабар бериши таклиф этиляпти. Бунда P2P-тушумларнинг жами миқдорини ҳисоблашда яқин қариндошларнинг ўтказмалари ҳисобга олинмайди.

Солиқ қўмитаси жисмоний шахсларнинг пул ўтказмаларини яширин тадбиркорлик фаолияти гумони билан назорат остига олишга бир неча йилдан бери уриниб келади. Бундан аввал, турли йилларда кузатилган камида учта шунга ўхшаш уриниш банк сири билан боғлиқ танқидлар ва Сенат, Марказий банк каби идораларнинг қаршилиги билан амалга ошмай қолганди. Охирги марта 2023 йилда жамоатчилик муҳокамаси ва ҳуқуқий экспертизасиз бир фармонга қўшиб юборилган норма Конституция янгиланганидан кейин бекор қилинган эди.

Ойига 206 млн сўм – етарлича баланд чегара бўлиб кўринади, лекин асосий масала – механизмнинг яратилаётгани. Боз устига, 500 БҲМ деб белгиланган миқдор кейинчалик пасайтирилмайди, деб ҳеч ким кафолат бераётгани йўқ. Қолаверса, бу галги лойиҳа аввалгиларидан анча кенгроқ қамровга эга экани билан ҳам ажралиб туради. Чунки энди нафақат жисмоний шахслар, балки юридик шахсларнинг ҳам банк сирлари ҳақида гап кетяпти.

Қарор лойиҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг йирик миқдордаги молиявий операциялари ҳақида банклар томонидан солиқ органига маълумот узатиб турилиши кўзда тутиляпти. Бундан ташқари, уларнинг ҳисобига нақд пул ва тўлов терминаллари орқали бўладиган барча тушумлар ҳақидаги маълумотлар ҳам Солиқ қўмитаси ихтиёрида жамланиши таклиф этилган.

Ҳужжат лойиҳасига Марказий банк ҳозирча муносабат билдирмади. Жамоатчилик муҳокамаси regulation.adliya.uz сайтида 8 июлгача давом этади.