Жамият | 23:13 / 07.03.2017
61055
6 дақиқада ўқилади

Хиёбонда қучоқлашган у айбдорми, ёнидан жим кетган бизми?

Ўзбекнинг қадрияти, унинг асрлар оша авлодларга ўтиб келаётган урф-одатларию, анъаналарини бутун дунё эътироф этяпти. Аммо айрим замонавий ёшларимиз эса бу нарсага эскилик сарқити сифатида қарамоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, йигит ва қиз ўртасидаги муносабат масаласига.

Биз ўзимиздан олдинги журналистлар, маърифатпарвар инсонлар, зиёлилар томонидан қаламга олинган сўзларни такрорламоқчи эмасмиз. Зеро кўча-куйда, хиёбонларда ва бошқа хилват масканларда йигит ва қиз ўртасида аланга олган севгининг амалда нималар қилаётганини ўз кўзимиз билан реал ҳаётда ёки интернет орқали кўриб турибмиз. Кўраяпмизу, аммо бепарво бўляпмиз, бепарво бўлмай булар ҳақида сўз юритяпмизу, аммо сўзимизнинг қадри бўлмаяпти. Хўш, нега? Бугун ана шу ҳақида имкон қадар сўз юритишга аҳд қилдик.

Тасаввур қилинг, хиёбондан кетиб боряпсиз, ўриндиқда ўтирган икки “севишган” бир-бирига ёпишганича... хуллас шунақа манзара гувоҳига айландингиз. Нима қиласиз? Индамай ўтиб кетиш ҳолати 98 фоиз. 2 фоиз одам эса бундай ҳолатларда бошқа ердан юради. Хўш, нега? Чунки уларга гапирсангиз ортиқча асаббузарлик, ортиқча вақт кетади, деб ўйлаймиз ёки муаммо орттириб олишдан қўрқамиз. Куппа-кундузи бир-бирининг пинжига кириб кетмоқчи бўлганлар эса, гўё шармсизликни сиз қилаётгандек, ўзингизни ер билан битта қилиб ташлашади. Ана шуларни ўйлаб ёки юқоридаги 98 фоизлик гуруҳга ёки 2 фоизлик гуруҳга қўшиласиз. Аммо бу нотўғри. Айб иш қилаётган инсон минг бақир чақир қилган тақдирда ҳам, у ҳеч қачон қилаётган ўз айбини унутмайди ва ана шундай шаллақилик билан уни беркитмоқчи бўлади. Агар сиздаги қатъиятни кўрса, агар у жамиятдаги қатъиятни кўрса, ҳеч қачон кўча-куйда бу ишни амалга оширмайди.

Йигитларнинг ҳам бу борада ғурурларига чанг тушган. Йигит ва қизнинг одамлар олдида қучоқлашиб ёки бошқа иш қилиб ўтиришганини кўриб, индамай қўяверашди. Аммо шу индамасларнинг синглиси, опаси ёки қариндоши шу ишни қилса, тўполон кўтаришади. Нега, чунки танишда. Бу эса нотаниш. Бунақаси кетмайди. Жамият мустаҳкам бўладими унда? Менга нима, ўзим тинч бўлай, деган ақийда ўзбекларга хос эмас. Айниқа, ўзбек эркакларига.

Айрим қизларнинг эркаксифат бўлиб кетишаётгани, йигитларга ўхшаб “кўчани қизи” бўлиб олишиб, замонавий дунёнинг замонавий нағмаларига ўйнаётганлари ҳам кишини ташвишга солади. Гапириб кўрсангиз, кулгингизни қистатиб “демократия” дейишади. Ўзбекистон мадҳиясининг муаллифини билмайдиган бундай ёшлар “демократия” деганда ўзбеклар учун “миллий қадриятларга асосланган демократия” зарурлигини эмас, кўча-куйда истаган ишини бажариш мумкин, деган тушунчани англашади. Хўш, нима қилиш керак? Тарбиявий ишларни кучайтириш лозим.

Гап айланиб, ота-онага бориб тақалади. Айримлари танқидни тўғри қабул қилади, оиладаги тарбияни, тартибни кучайтиради. Бошқалари эса “мен фарзандимга ишонаман”, дейди. Ана шу ердан нотўғри йўналиш бошланади. Фарзандга тарбия унга ишонмасликдан берилмайди-ку ахир. Боласининг тарбияси билан жиддий шуғулланаётганлар унга ишонмасликдан бу ишни қилишмайди. Бошқа биров эса тирикчиликни баҳона қилади. Бола ўстиришни унинг қорнини тўйғизиш, деб ҳисоблашади. Ҳурматли ота-она, қани айтингчи, фарзандингизнинг ёнида юрган дўстлари ким, улар қандай характерли йигит-қизлар, шулар ҳақида астойдил қизиққанмисиз? Ёки бўлмаса фарзандингизнинг ҳафталик дарс жадвалини ёддан, тўлиқ биласизми? Ҳафтанинг қайси кунида ўқиши нечида тугашидан аниқ хабардормисиз? Булар майдалашиш ёки қийин бўлган ишлар эмас, булар айни замон талаби. Шуни унутманг: ер юзида ўзгармас бир қоида бор – бола барибир тарбия олиб вояга етади. Уни ёки ўзимиз тарбия этамиз ёки ўзгалар. 

Инсон организмига инфекция тушса, иммун тизими дарҳол ишга тушиб, у билан курашишга киришади. Шу сабаб инсон иситмалайди, қийналади ва ўзида касаллик мавжуд эканлигини тушуниб етади. Шундан сўнг даволанишга киришади. Жамият ҳам шундай. Унга тушган инфекцияларни йўқ қилиш учун иммун тизими зарур бўлади, яъни биз. Агар биз ўз вақтида бунга қаршилик кўрсатмасак, жамият фалажланади, оғир ҳолатга келиб қолади.

Ўзим гувоҳи бўлганим, Қашқадарёнинг марказий шаҳарларидан бири Шаҳрисабзда катта, замонавий аллея бунёд этилди. Ҳамма ёқ обод. Ёшлар сайр этиб юришипти. Аммо ўриндиқларда, бошқа пана жойларда йигит ва қизнинг номақбул иш қилиб ўтиришганининг гувоҳи бўлмайсиз. Нега? Чунки шаҳар кичик, барча бир-бирини танийди. Чет тумандан меҳмон бўлиб келган ёшлар ҳам бу ишни қила олмайди, чунки маҳаллий йигитлар бунга йўл қўймади. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, аммо сабаб битта: Шаҳрисабз муқаддас замин, кўп улуғ одамлар ўтиб кетган, бу ерларда бундай ишлар қилиб бўлмайди, деб ҳисоблашади. 

Қадимги подшоҳлардан бири ўзга юртни босиб олиш режасини қилаётганида, бир шаҳарни четлаб ўтади. Сабабини сўрашганида подшоҳ шундай дейди: “Бу юртнинг эркаклари аёлларини жуда қизғанишади. Аёлини қизғанган эркак ҳовлисига, маҳалласига, шаҳрига бегона одамни икки дунёда киритмайди. Биз бу шаҳарни истасак ҳам ололмаймиз”.

Бутун бир жамиятнинг муаммосини қандай ҳал қилиш мумкин, ҳамма ерда шу аҳвол, дегувчилар қаттиқ янглишади. Чунки жамият бу - сиз. Ўзингизни ислоҳ қилинг, сўнг оилангизга ибрат бўлинг. Оилангиз бошқаларга ибрат бўлсин. Қарабсизки, бу кўлам кўча, маҳалла, шаҳар, вилоят, давлат кўринишида кенгайиб бораверади. Зеро, маърифат ҳам, жаҳолат ҳам инсондандир.

Сарвар Анвар ўғли

Мавзуга оид