Light | 23:49 / 11.06.2017
57259
5 дақиқада ўқилади

Японияни дунёнинг энг зўр мамлакатларидан бирига айлантирган таълимнинг 10 хусусияти

Нима учун японлар бундай ақлли эканини биласизми? Чунки уларнинг таълим тизими жуда ажойиб. AdMe шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди.

 

Аввал одоб - кейин билим

Япониядаги мактаб ўқувчилари 4-синфгача имтиҳон топширишмайди, фақат кичик мустақил ишлар ёзишади. Илк уч йилда асосийси - академик билим эмас. Бошланғич синфларда асосий эътибор тарбияга қаратилади: болалар инсонлар ва жониворларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, бағрикенглик, бировнинг дардига шерик бўлиш, ҳақиқатпарварлик, ўз-ўзини назорат қилиш ва табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ўргатилади.

 

Ўқув йилининг бошланиши 1 апрелга тўғри келади

Дунёнинг аксарият мамлакатларида болалар ўқув йилини якунлаётган бир пайтда японларда ўқиш бошланади. Йил боши мамлакатдаги табиатнинг энг кўркам палласи - сакура гуллашига тўғри келади. Шу тариқа улар жиддий ва янги паллага қадам қўйишади. Академик йил уч триместрдан иборат: 1 апрель-20 июль, 1 сентябрь-26 декабрь, 7 январь-25 март. Шундай қилиб японлар ёзги таътилда 6 ҳафта, қиш ва баҳорда эса 2 ҳафтадан дам олишади.

 

Япон мактабларида фаррошлар йўқ, хоналарни болаларнинг ўзлари тозалашади

Ҳар бир синф навбатма-навбат хоналар, коридорлар ва ҳатто ҳожатхоналарни тозалайди. Шу тариқа болалар жамоада ишлаш ва бир-бирига ёрдам беришни ўрганишади. Ўқувчилар тозалаш ишларини ўзлари бажаргандан кейин хоналарни ифлослантиришмаса керак. Бу уларни бошқалар меҳнатини ҳурмат қилиш ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ўргатади.

 

Мактабларда фақат стандарт тушлик тайёрланади

Бошланғич ва ўрта мактабда болалар учун махсус ланчлар тайёрланади. Таомлар максимал даражада соғлом ва фойдали бўлиши учун уларнинг менюси нафақат ошпазлар, балки тиббиёт ходимлари томонидан ҳам ишлаб чиқилган. Барча синфдошлар ўқитувчи билан бирга хонада тушлик қилишади. Улар бундай норасмий шароитда кўпроқ мулоқот қилишади ва ишончли муносабатлар ўрнатишади.

 

Қўшимча таълим кенг тарқалган

Болалар яхши ўрта мактабга чиқиш учун  бошланғич синфлардаёқ хусусий ва тайёрлов машғулотларига қатнашади. Бундай машғулотлар кечқурун ўтказилади, шу боис соат 21:00да автобусларнинг қўшимча машғулотлардан қайтаётган болаларга тўла бўлиши Японияда табиий ҳолатдир. Улар ҳатто якшанба ва таътил кунлари ҳам шуғулланишади. Шундай экан, статистикага кўра, Японияда иккинчи йилга ўқишга қолдириш ҳолатларининг деярли йўқлиги ажабланарли ҳолат эмас.

 

Ўқувчилар мактаб дасрларидан ташқари япон каллиграфия санъати ва шеъриятга ўргатилади

Япон каллиграфияси ёки шодо тамойили - жуда оддий: бамбук чўтка сиёҳга ботирилади ва гуруч-қоғозга иероглифлар чизилади. Японияда шодо одатий тасвирий санъат даражасида қадрланади. Хайку эса - шеъриятнинг табиат ва инсонни бир бутун қилиб кўрсатувчи миллий шакли. Икки предмет ҳам шарқ эстетикаси тамойилларидан бирини акс эттиради - оддийлик ва нафислик уйғунлашуви. Машғулотлар болаларни кўп асрлик маданиятни қадрлаш ва ҳурмат қилишга ўргатади.

 

Барча мактаб ўқувчилари формада бўлиши керак

Ўқувчи ўрта мактабдан бошлаб униформа кийишга мажбур. Кўп мактаблар ўз формасига эга, лекин одатда бу ўғил болалар учун - ҳарбий услубдаги кийим, қиз болалар учун эса - денгизчи услуби. Қоидалар ўқувчиларни тартибга келтиради, зеро махсус кийимнинг ўзиёқ ишчи муҳитни яратади. Шунингдек бир хил форма синфдошларни бирлаштиришда ёрдам беради.

 

Ўқувчиларнинг дарсларга қатнаши 99,99 фоизни ташкил қилади

Ҳаёти давомида бирор марта мактабдаги дарсларни қўйиб юбормаган одамни излаб топиш қийин бўлса керак, бу ерда эса бутун бошли миллат! Шу билан бирга япон ўқувчилари ҳеч қачон дарсларга кечикишмайди. 91 фоиз ўқувчи ўқитувчининг гапларини диққат билан тинглайди. Яна қайси мамлакат шундай статистика билан мақтана олади?!

 

Бир битириш имтиҳонининг натижалари барчасини ҳал қилади

Ўқувчилар юқори синфларни тугаллагач, биргина тест топширишади ва бу уларнинг олий таълим муассасаси (ОТМ)га кириш ё кирмаслигини ҳал қилади. Битирувчи фақат бир ОТМни танлаши мумкин - унинг қандай бўлиши келажакдаги иш ҳақи ва турмуш даражасини белгилаб беради. Рақобат катта: 76 фоиз битирувчи мактабдан кейинги ўқув жараёнини давом эттиради. Айнан шунинг учун ҳам Японияда "имтиҳон жаҳаннами" деган ибора машҳур.

 

Университет йиллари — ҳаётдаги энг яхши таътил

"Имтиҳон жаҳаннами"га кўп йиллик тинимсиз тайёргарликдан кейин японларнинг кичик танаффус қилишни исташи ҳайратланарли эмас. Бу ҳар бир япон ҳаётида энг осон ва беташвиш ҳисобланган университет йилларига тўғри келди. Ишлашдан олдинги ажойиб ҳордиқ, зеро японлар болалигидан ишга нафақат масъулият, балки бутун ҳаётий фаолиятига бўлган катта меҳр-муҳаббат билан ёндашишга ўргатилган.

Мавзуга оид