Нега дейсизми? Билим учун пойдеворни мактабда муаллим қўяди, у гўёки меъмор, безакчи, болани тўғри йўлга бошловчи мутахассисдир. Муаллим ўз касбининг устаси бўлса, таълим сифати ҳам ўсади.
Аммо тасаввур қилинг: боланинг хотири паришон, тушкун кайфиятда ўтирса-ю, ўқитувчи минг жонини койитганидан нима наф? Фанлардан ўзлаштириши паст бўлган ўқувчининг муваффақиятсизлигига фақат ўқитувчи айбдор эмас.
Ўқувчидаги бундай ҳолатга, аксарият ҳолларда, оиладаги тушунмовчиликлар ҳам сабаб бўлади. Бола ота-онаси билан яхши муносабатда бўлиб, эрталаб яхши кайфиятда уйдан чиқсагина, дарсга чин маънода қулоқ солади. Демак, таълим сифатини оширишда ота-онанинг ҳам иштироки муҳим ва бу иштирок ота-оналар мажлисида ҳозир бўлиш билан адо этилмайди.
Халқ таълими вазирлиги БМТнинг Наркотик моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларда жорий қилаётган «Бахтли мактаб» лойиҳаси ҳам шу мақсадга қаратилган. Лойиҳанинг мақсади — ўқувчининг оиласи билан муносабатини яхшилаш, бу орқали унинг руҳиятида ижобий ўзгариш ясаб, таълим жараёнига бўлган рағбатини ошириш. «Бахтли яша, бахт ила таълим бер, бахт билан ишла, бахт билан ўқи, бахт улаш» шиори остида иш олиб бораётган мазкур лойиҳа 10-14 ёшдаги мактаб ўқувчиларини қамраб олади. Лойиҳа 4 босқичда амалга оширилади:
Ҳар бир ҳудуд бўйича (12 вилоят, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси) биттадан — жами 14та таянч-тренер мактаб танлаб олинади.
Танлаб олинган мактаблардан 4 нафардан мутахассис (Маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, мактаб психологи, ёшлар етакчиси ва жисмоний тарбия ўқитувчиси) пойтахтда «Бахтли мактаб» лойиҳасининг «Мустаҳкам оила» дастури бўйича ўқитилади.
Мутахассислар ўрганган дастурлари бўйича ўз мактабларида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан 7 ҳафта давомида ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган тренинглар олиб боришади. Дарс чоғида ўқувчи билан ишлаш тажрибаларини мактабнинг педагогик жамоасига ҳам ўргатишади.
Таянч-тренер мактаби мутахассислари ўз ҳудудларидаги бошқа мактабларга ҳам бу тажрибани ўргатишади.
Ҳозирга қадар лойиҳанинг дастлабки икки босқичи ўтказилган, 3- босқич ҳозирда амалда. 2019 йил феврал ойидан бошлаб эса тўртинчи босқични татбиқ қилиш режалаштирилган. Вилоятлардаги Халқ таълими бошқармасида масъул координаторлар жараённи назорат қилиб боришади.
Москва давлат университети профессори, социолог Ринат Шарипов лойиҳанинг муваффақияти мактаблардаги психологларнинг профессионализмига боғлиқ эканини таъкидлайди.















