23:23 / 13.03.2017
8889

Back down to Earth! Уик-энд энг ёрқин лаҳзалари

Ҳафта охири воқеаларга бой бўлди. Европа чемпионлар лигасида тарихий ғалабадан ҳалигача эйфорияда юрган «Барселона» чемпионатда кутилмаганда мағлубиятга учради. «Реал»нинг ғалабаси эса жанжалларсиз тугамади. Англияда кубокнинг чорак финал учрашувлари ўтказилди. Tribuna.Uz шу каби уик-энднинг энг ёрқин лаҳзаларини ёлга олиб ўтади.

Back down to Earth!


Испания чемпионатининг 27-тури икки етакчи учун омадсиз келди. «Барселона» «ПСЖ»га қарши фантастик камбэкда борини ташлаб келган шекилли, «Депортиво»га қарши меҳмондаги учрашувда кутилган ўйинни намойиш этиб бера олмади ва мағлубиятга учради. Каталонияликлар расмий сайти бу натижа шарҳ учун «Back down to Earth!» . Ростан ҳам бу «Барселона» футболчиларини ерга қайтиб тушишлари учун хизмат қиладиган ўйин бўлди.

«Севилья» ҳам ўз уйида кутилмаганда дуранг қайд этди. Бундан эса «Реал» унумли фойдаланиб қолди. Албатта бу сафар ҳам «Реал»нинг ғалабаси муҳокамаларсиз ўтмади. Учрашувнинг дастлабки 20 дақиқалигида Кейлор Навас қизил карточка олиб майдонни тарк этиши ҳам мумкин эди. Аммо ҳакам вазиятга кескин баҳо бермади. «Бетис» футболчиси уни қўрқоқликда айблади. «Реал» эса биринчи тўп ўтказиб юборган бўлишига қарамай, охир-оқибат ғалабани илиб кетишни уддалади. Бу сафар ҳам Серхио Рамос қутқарувчи ролини ўйнади. Эндиликда жамоа битта кам учрашув ўтказган ҳолда «Барселона»дан 2, «Севилья»дан эса 5 очко олдинга ўтиб олди.

ЕЧЛнинг тўртинчи йўлланмаси учун кураш олиб бораётган «Атлетико» меҳмонда ғалаба қозониб қайтган бўлса, «Реал Сосьедад» кутилмаганда ўз уйида «Атлетик»ка имкониятни бой бериб қўйди. «Вильярреал» эса «Сельта» уйидан ўта муҳим ғалаба билан қайтди.

Инглизча ғурур — «Уэмбли» сари йўл
Англия кубогида эришиладиган энг мининум вазифа бу — «Уэмбли»да ўтадиган тўқнашувларгача етиб бориш. Гранд жамоалар учун ҳам Британиянинг бош стадионида тўп суриш катта шараф саналади. Шу боисдан ҳам Англияда бу сафар асосий эътибор чемпионат ўйинларига эмас, кубок учрашувларига қаратилди.

Чорак финалнинг энг марказий учрашуви энди ўтказилсада, қолган учта жуфтлик ҳам қизиқарли курашни мухлисларга тақдим этишди. «Манчестер Сити» ўзининг меҳмондаги навбатдаги муваффақияти эвазига ярим финалга йўл олди. Ўз навбатида Гвардиола ўзининг кубоклардаги муваффақиятли анъанасини давом эттирди. Саккиз мавсум — минимум саккиз ярим финал.

«Арсенал» бу сафар ҳам эртак такрорланишига йўл қўймади. Бир тайм қаршилик кўрсатган «Линкольн» ҳаваскорлари янчиб ташланди. «Тоттенҳэм» эса чемпионшип вакили дарвозасига 6та жавобсиз тўп киритди. Аммо жамоа учун энг ёқимсиз ҳолат бу Ҳарри Кейннинг эски жароҳатини янгилаб олиши бўлди. Катта эҳтимол билан лондонликлар етакчиси мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади.

Шунингдек АПЛ доирасида бўлиб ўтган учрашувда «Ливерпуль» катта қийинчиликлар эвазига ғалаба қозонган бўлса, турнир жадвалининг қуйи қисмида кечаётган кураш янада авж олди

Яна «Ювентус» ва яна ҳакамлар


Италияда «Ювентус»дан чемпионликни тортиб олиш учун бутун бошли ҳакамларни алмаштириш керак деганди, «Милан» раҳбарларидан бири. Афсуски чемпионатда бу сафар ҳам ҳакамларнинг хатоси «Ювентус» фойдасига ишлади. Турнинг марказий учрашувида «Милан»ни қабул қилган Аллегри шогирдлари ҳакам белгилаган пенальтидан сўнг, 97-дақиқада уни аниқ амалга ошириб ғалабани илиб кетди. Бундан норози бўлган миланликлар эса аламини стадион ечиниш хонасидан олишди.

Умидини сўндирмаётган «Рома» ва «Наполи» эса бу турда ғалабали юришини давом эттирди. Аммо «Интер»нинг бу мавсум кашфиёти «Аталанта» устидан қозонган ғалабаси, юқоридаги икки жамоани сергаклантиргани аниқ.

«Бавария» ва бошқалар


«Германия чемпионати шундай мусобақаки, унда 18та жамоа қатнашади ва охирига 10 тур қолганида «Бавария» чемпионликни нақд қилиб қўяди». Футбол оламидаги энг машҳур иборалардан бирининг бу каби ремикс вариант жорий мавсумда ишламайдигандек кўринганди. Аммо сўнгги турларда барчаси ўша эски ҳолига қайтди.

«Бавария» ўз уйида ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб бораётган «Айнтрахт»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу учрашув Роберт Левандовски учун клуб сафидаги юбилей гол сифатида ҳам ёдда қолди.

Таъқибчи ролини ўйнаётган «Лейпциг» эса «Вольфсбург»ни қабул қилиб, кутилмаганда имкониятни бой берди. Бу имкониятдан «Боруссия» ҳам фойдалана олмади. Тухель шогирдлари «Ҳерта» уйида мағлубиятни тан олишига тўғри келди.

Рельси издан чиққан «Ницца» ва барқарор етакчилар
«Ницца» ЕЧЛ учун йўлланма берадиган 3-ўринни деярли ҳал қилиб бўлгач, буёғига очколарни йўқотишни бошлади. Жамоа ўз уйида «Кан»га очко улашди. Бундан эса икки пешқадам унумли фойдаланиб қолди. «Монако» чемпионлар лигасидаги муҳим учрашув олдидан жуда муҳим ғалабани қўлга киритди. Оғир кечган учрашувда «Бордо» дарвозаси икки марта ишғол қилинди.

Каталонияда нокаутга учраган «Париж» Францияда тезда ўзига келиб олди. Жамоа ғалаба қозониб, «Монако»ни узоқлашиб кетишига йўл қўймади. «Юнайтед»дан кетган Мемфис Депай эса «Лион»да феерик футбол намойиш этишда давом этмоқда. Бироқ жамоа ЕЧЛ йўлланмасидан анча ортда қолиб кетган. Энди фақатгина Европа лигаси орқали бу мусобақада қатнашишни орзу қилиши мумкин холос.

Шунингдек бу ҳафтада Россия чемпионатида ҳам муҳим учрашувлар бўлиб ўтди. Ҳакамнинг хатосидан бу ерда «Зенит» қаттиқ жабр кўрди ва «Спартак» билан ўртадаги фарқ 8тагача ошиб кетди. Шотландияда эса Глазгонинг ашаддий қарама-қаршилигида кучлар тенг келди.

Top