09:18 / 14.03.2017
4219

Япония Марсда сув борлигини аниқлаш учун сунъий йўлдош учирмоқчи

Фото: Fotolia/ artemp1

Япония ҳукумати Марсни тадқиқ қилиш учун 2020 йилда кичик ўлчамдаги сунъий йўлдош учиришга қарор қилди, деб маълум қилди "Асахи" япон нашри.

Нашр маълумотларига кўра, сунъий йўлдошни яратишда Япониянинг ахборот ва коммуникация технологиялари институти ва Токио университети иштирок этмоқда. Сунъий йўлдош 100 кг гача оғирликка эга бўлади. Уни турли сенсорлар, жумладан Марсда сув ва кислород борлигини аниқлашга мўлжалланган қурилмалар билан жиҳозлаш режалаштирилган. 

Япония ҳукумати сунъий йўлдош қандай ракета-ташувчида учирилиши бўйича бир қарорга келмаган. Агар ушбу режа амалга ошса, Япония биринчи марта Марс орбитасига сунъий йўлдош олиб чиқади ва у ёрдамида Қизил сайёрани тадқиқ қилади.

1998 йилда Япония Марсга "Нодзоми" космик зондини учирганди, бироқ ундаги қурилмалар ишламай қолган.

2015 йилда Канагава префектурасидаги Сагамихара шаҳрида жойлашган Коинот тадқиқотлари ва аэронавтика институтида ўзга само жинсларидаги материяларни ўрганиш маркази очилган. Унда Марсдан олинган муз ва қум намуналарини тадқиқ қилиш режалаштирилган. Бу намуналарни 2020 йилдан бошлаб етказиш мўлжалланмоқда.  

Top