16:29 / 16.03.2017
9838

Бокс бўйича Осиё чемпионати мезбонлигига тайёргарлик кўрилмоқда

Жорий йилнинг 30 апрель – 7 май кунлари Тошкент шаҳри бокс бўйича Осиёдаги энг нуфузли мусобақа - катталар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилади.

13-15 март кунлари Осиё бокс конфедерацияси ва Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси вакилларидан таркиб топган делегация Тошкент шаҳрига ташриф буюриб, мамлакатнинг нуфузли мусобақани ташкил этиш имконияти ва салоҳияти билан яқиндан танишди.

Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати маълум қилишича, Ўзбекистонда нуфузли мусобақани юксак даражада ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар халқаро спорт ташкилотлари делегацияси вакиллари томонидан юқори баҳоланди.

Осиё бокс конфедерацияси ва Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси вакиллари ташриф давомида Тошкент шаҳрида жойлашган мусобақага мезбонлик қиладиган спорт иншоотлари, машғулотлар учун мўлжаланган заллар, меҳмонхоналар шароитини ўрганди.

Шунингдек, Осиё чемпионатини оммавий ахборот воситаларда кенг ёритишни ташкил этиш, спортчи, мураббий, мутахассис, меҳмонларга транспорт ва меҳмонхона, овқатланиш хизматларини юқори савияда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон бокс бўйича Осиё чемпионатларини ташкил қилиш бўйича бой тажрибага эга. Тошкент шаҳри 1995 ва 1999 йиллари қитъанинг энг кучли боксчилари иштирокидаги Осиё чемпионатини ўтказган.

2005 йили эса ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати ташкил этилган.

30 апрель – 7 май кунлари Тошкент шаҳрида бўладиган Осиё чемпионати қитъа боксчилари учун 2017 йилда Германиянинг Ҳамбург шаҳрида бўладиган бокс бўйича жаҳон чемпионатига асосий саралаш босқичи вазифасини ўтайди.

Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси осиёлик чарм қўлқоп усталари учун жаҳон чемпионатига 60та йўлланма ажратган. Тошкентдаги Осиё чемпионатида қатнашадиган боксчилар совринли ўринлардан ташқари ана шу лицензиялар учун ҳам ўзаро рақобатлашади.

Top