10:40 / 20.03.2017
4038

Сицилия бўғозида уч мингдан ортиқ муҳожир қутқариб олинди

Фото: AFP

Европага Ўрта ер денгизидаги Сицилия бўғози орқали бормоқчи бўлган 3 мингдан ортиқ ноқонуний муҳожир якшанба куни қутқариб олинди, деб хабар бермоқда Live Sicilia маҳаллий нашри.

Ёрдам Италия соҳилни қўриқлаш хизмати, Европа Иттифоқининг Ўрта ер денгизидаги EunavforMed ҳарбий-денгиз муҳожирлик миссияси, шунингдек қатор нодавлат ташкилотларга қарашли кемалар иштирок этган 22та қутқарув амалиёти доирасида кўрсатилган.

"Тонг отиши билан муҳожирларга тўла бўлган жуда кўплаб қайиқлар, баржа (ўзиюрар ясси юк кемаси) ва шиширилган солларни кўриш мумкин эди, ёрдам ҳақида жуда кўп мурожаатлар бўлди", - дейилади нашр хабарида.

Италия ИИВ маълумотига кўра, ўтган йилда мамлакатга Ўрта ер денгизи орқали рекорд миқдордаги муҳожирлар келган – 181 минг кишидан ортиқ. Халқаро муҳожирлик бўйича ташкилот статистикасига кўра, январь-февраль ойларида Европага Италия орқали 10,7 минг инсон кириб келган.

Top