Жамият | 21:38 / 23.03.2017
119668
3 дақиқада ўқилади

Қўқонда нохуш ҳодиса. Она ва фарзандлари ҳалок бўлди

Қўқон шаҳрида ёнғин туфайли бир оиланинг 3 аъзоси ҳалок бўлган. Бу ҳақда сайт таҳририятига телефон қўнғироғи орқали ушбу шаҳарда истиқомат қилувчи манба хабар берди.

У ҳодиса сабабини аниқ айта олмаслиги, ёнғинга балки газдаги носозлик, балки электр токидаги носозлик сабаб бўлиши мумкинлигини билдирди.

«Кун.uz» бу борада расмий маълумот олиш учун ИИВ қошидаги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасининг Фарғона вилояти бўлимига мурожаат қилди.

Вилоят бўлимидагилар аввалига бу ҳақда Қўқон шаҳри бўлимидан аниқ маълумот олиш мумкинлигини билдирди. Шаҳар бўлимида эса маълумотлар юқорига йўллангани ҳақида айтилиб, мавжуд маълумотни бера олмасликлари маълум қилинди.

Иккинчи сафар Фарғона вилояти бўлимига мурожаат қилинганида эса, бу ҳақда республика бошқармасидан сўраш кераклиги айтилди. Яъни, воқеа ростдан рўй бергани тан олинди, аммо бу воқеа ростдан рўй берганини расман тасдиқлай олишмади.

Натижада, сайт ходими Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси билан боғланди. Бошқарма навбатчиси эса вилоятдан келган ҳисоботни ўқиб берди.

Унга кўра, 23 март кунига ўтар кечаси, тунги соат 01:40да Қўқон шаҳри Тарақчилик кўчаси 12-уйда ёнғин рўй берган.

Р.Қодиров ва унинг оиласи ижарада турган уйда ёнғин чиққан. Унинг рафиқаси М.Қодирова ҳамда 8 ва 4 ёшлардаги икки ўғли ҳодиса қурбонига айланган.

Уйнинг 100 кв м майдондаги ҳудуди ёнгани, ёнғин оила аъзолари ухлаб ётган болохонага етиб бормагани, аммо улар заҳардан бўғилиб жон бергани айтилган.

Ёнғин сабаблари айни вақтда аниқ эмас, тегишли текширувлар ўтказилади.

Сайт манбасининг хабар беришича эса воқеа рўй берган ҳудудда айни вақтда газ қувурлари кесиб ташланган. Бу ҳудуд аҳолиси ҳозирда газ баллонларидан фойдаланади. Бу эса фожианинг сабаби ҳақида турли тахминларни пайдо қилади.

Шу туфайли имкон қадар тез вақт ичида ҳодиса сабаблари ўрганилиб, тафсилотлари маълум қилинишига зарурат мавжуд.

Шу ўринда яна шуни таъкидлаш жоизки, бу маълумотлар кун давомидаги кўп машаққатлар билан қўлга киритилди. Бу ҳодиса ҳақида сайт ўқувчиси дастлабки хабарни бермаганида "ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича" қолиши ҳам мумкин бўлганди. 

22 март куни Фарғонада 18 март куни газ портлаши ҳақида берилган хабар манбаси ҳам шаҳарда бундай ҳодисалар кўп рўй бериши, аксар ҳолларда бундай ҳолатлар матбуот ва жамоатчилик назаридан четда қолишини айтиб ўтганди. Шунингдек, ўтган ўн йилликларда ўнлаб кишилар ўлими билан тугаган йирик фожиалар рўй бергани ва сир тутилгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Интернет асрида эса бу ҳолат сақланиб қолаётгани таажжублидир. Сайт таҳририяти ташкилотларни мавжуд маълумотларни яширмасликка чақириб қолади.

Мавзуга оид