Жамият | 16:41 / 30.03.2017
12792
3 дақиқада ўқилади

Хавфсиз сайтларнинг "оқ рўйхати" тузилди

Фото: Kun.uz

Бугун Тошкент шаҳрида ёшларнинг ақлий салоҳиятини оширишга қаратилган таълимий ва кўнгилочар ресурслардан фойдаланиш мумкин бўлган махсус "ZiyoNET" тариф режаларининг жорий қилинишига доир матбуот анжумани ўтказилди. 

"Кун.уз" мухбирининг хабар беришича, унда бугунги кунда интернетдаги жиноятлар реал ҳаётдаги жиноятларга нисбатан 20 карра кўплиги қайд этилди. Ҳозирда ота-оналар ўз фарзандларини интернетдаги суиқасд гуруҳларидан муҳофазалашни мақсад қилишган. Шу боис мутахассислар тоза интернет муҳитини жорий қилиш, хавфсиз сайтларнинг "оқ рўйхати"ни тузиш, ёшлар учун махсус тарифлар ишлаб чиқишмоқда. Бугунги кунда 9 мингдан ортиқ муассаса Milliy UZ доменидаги сайтларга уланган. Улардан фойдали билимларни ўзлаштириш, хорижий тилларни ўрганиш, билимларини текшириш мумкин. 2 мингдан зиёд сайтни ўзида қамраб олган "оқ рўйхат" мунтазам равишда тўлдирилиб, янгиланиб борилади. 

Тадбирда Ахброт хавфсизлигини таъминлаш маркази вакили ёшлар ўртасида интернетдан фойдаланиш маданиятини тарғиб қилиш бўйича олиб бораётган фаолиятига тўхтаб ўтди. Хусусан, марказ мутахассислари томонидан бутунжаҳон интернет тармоғининг ёш авлод тарбиясига салбий жиҳатлари мунтазам тадқиқ қилиниб, ота-оналарга вояга етмаган фарзандларининг ёшидан келиб чиқиб, интернет тармоғида уларни ҳимоя қилиш, юзага келиши мумкин бўлган таҳдид ва хавфларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар бериб борилади. 

UZINFOCOM маркази интернетда ёшларбоп сайтлар, электрон ресурсларни кўпайтириш бўйича лойиҳалари тўғрисида маълумот берди. Шунингдек "ZiyoNET" тариф режаси доирасида ишлаб чиқилган Ягона ахборот ресурслари рўйхатининг шакллантириш жараёни ҳақида ҳам маълумот берилди. 

Маълум қилинишича, айни пайтда Ягона ахборот ресурслари реестрига таълим, маданият, спорт, бизнес, тиббиёт йўналишларидаги 3 мингдан зиёд миллий ва халқаро сайтлар киритилган. Қолаверса, энг кичик ёшдаги фойдаланувчилар учун ҳам махсус сайтлар рўйхати мавжуд. Ушбу рўйхат мунтазам таҳлил асосида ҳамда фойдаланувчилар таклифларига кўра бойитиб борилади. UZINFOCOM маркази фойдаланувчиларни ёшлар учун фойдали ва қизиқарли сайт номларини ушбу рўйхатга қўшишга доир таклиф бериш, шунингдек ёшларбоп ресурслар ишлаб чиқишга ҳисса қўшишга чақиради. Ёшларбоп сайт яратиш истагида бўлганларга "ZiyoNET" портали лойиҳаси доирасида Марказ бепул амалий ва техник кўмак беради. 

Мавзуга оид