Жаҳон | 22:10 / 05.04.2026
1271
2 дақиқада ўқилади

Эронда интернет ўчирилиши бўйича жаҳон рекорди қайд этилди

Эронда 36 кундан бери интернет блэкаути давом этмоқда. Мамлакатда интернет 28 феврал куни деярли бутунлай ўчирилганди.

Фото: Atta Kenare/AFP/Getty Images

Эронда интернетнинг ўчирилиши кузатувлар тарихидаги энг узоқ давом этган умуммиллий интернет узилишига айланди. NetBlocks халқаро интернет мониторинг хизмати хабарига кўра, мамлакатда 36 суткадан ортиқ ёки 870 соатдан буён интернет алоқаси йўқ.

«Ҳеч қайси уруш бутун мамлакатни интернетдан тўлиқ узиб қўймаган», дейилади хабарда.

NetBlocks Эрондаги вазиятни бошқа мамлакатлар ва ҳудудлар билан солиштириб, Мянмадаги намойишлар вақтида кузатилган интернет узилишлари, шунингдек Кашмир (Ҳиндистон) ва Тиграй (Эфиопия)даги воқеаларни мисол келтирган.

Муаллифлар, шунингдек, Эрон ва Шимолий Кореядаги интернет муаммоларини ҳам таққослаган. Гарчи КХДРда бу муаммолар кенг кўламли ва давомий тусга эга бўлса-да, таъкидланишича, уларни Эрондаги «блэкаут» билан солиштириб бўлмайди, чунки Шимолий Корея ҳеч қачон глобал тармоққа уланмаган.

NetBlocks АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошлаган 28 феврал куни мамлакатда интернет деярли бутунлай ўчирилганини маълум қилганди. 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид