Жаҳон | 10:01 / 30.03.2017
16821
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президенти бугун ҳибсга олиниши кутилмоқда

Фото: © РИА Новости

Жанубий Корея суди 30 март куни прокуратуранинг мамлакат собиқ президенти Пак Кин Хени ҳибсга олишга ордер бериш тўғрисидаги сўровини кўриб чиқмоқда. Ёнҳап агентлиги хабарига кўра, ушбу сўров бугун кун охиригача ёки 1 апрель кунининг биринчи ярмида қондирилиши мумкин.

Пак Кин Хе суд биносига маҳаллий вақт билан соат 10:20да (Тошкент вақти билан соат 06:20) келган. Жанубий Корея телевидениеси собиқ президент бир гуруҳ кишилар ҳамроҳлигида журналистлар орасидан ўтиб, саволларга жавоб қайтармаган ҳолда юриб боргани тасвирланган кадрларни намойиш қилган.

Корея Республикаси прокуратураси тегишли сўровни 27 март куни судга юборганди. Шу тариқа, суд тергов томонидан собиқ президентга қарши илгари сурилган айбловларни қабул қилганди. 

Собиқ давлат раҳбари 13 иш бўйича айбланмоқда. Уларнинг асосийси порахўрлик ва  мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳисобланади.

Агар айблар исботланса, унга 10 йилгача қамоқ жазоси таҳдид солади.

Пак Кин Хе сўроқ вақтида барча айбловларни рад этган.

Маълумот учун. Пак Кин Хе 2016 йилнинг октябрида матбуот унинг дугонаси Чхве Сун Силнинг фирибгарликларини ёзиб чиққанида можаролар марказида қолди. Текширувлар шуни кўрсатдики, бир неча йил давомида Чхве Сун Силь давлат бошқаруви ишларига аралашиб келган ва сиёсий қарорлар қабул қилинишига таъсир ўтказган. Пак Кин Хенинг дугонаси бир қатор компаниялар, жумладан Samsung компаниясига босим ўтказган, у шу мақсадда ўз назоратидаги фондга компаниялардан жами 70 миллион долларга яқин маблағ ундирган. Жанубий Корея мухолифати собиқ президент Чхве Сун Силь ишларидан бохабар бўлганини билдирди.

Ўтган йилнинг декабрида Жанубий Корея парламенти президент импичменти учун овоз берди, шу йилнинг 10 мартида эса бу қарор Конституцион суд томонидан тасдиқланди.

Мавзуга оид