17:54 / 01.04.2017
11548

Гулистонда Ислом Каримов кўчаси пайдо бўлди

Гулистон шаҳридаги «Мустақиллик» кўчасига Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримов номи берилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимияти ахборот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикасининг «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Қонунининг 10-моддасига ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасига асосан Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши сессияси ўзининг 2017 йил 10 мартдаги қарори билан Гулистон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича шаҳар комиссиясининг баённомасига асосан шаҳарнинг Намуна, Сайқал ва Шодлик маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидан ўтадиган «Мустақиллик» кўчасининг номини Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов номи билан қайта номлаш тўғрисидаги комиссия қарорини тасдиқлади. 

Мутасадди ташкилотларга қайта номланган кўчанинг номини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, белгиланган тартибда замонавий кўринишда, лотин ёзувида, пешлавҳаларга ёзиб, ўрнатиш ишларини ташкил этиш вазифаси топширилди.

Top