Рожер Федерер 35 ёшида Катта теннис чўққисига қайтмоқда
Жаҳоннинг собиқ биринчи ракеткаси Роджер Федерерни 2008 йилда ҳисобдан чиқаришганди. У ўшанда асосий рақиби — Рафаэль Надалга ўрнини бўшатиб берганди. Шундан сўнг, швейцариялик Теннис чўққисига бир неча маротаба қайтди, орадан 9 йил ўтгач, у яна шоҳсупада. Хўш, 35 ёшли маэстронинг сири нимада? Россия ОАВ шу ҳақда фикр юритади.
Ўтган якшанба, 2 апрель куни Федерер мавсумда учинчи марта Надални мағлуб этди. Бу сафар Майамида бўлиб ўтган «Мастерс» сериясига кирувчи мусобақада азалий рақибини доғда қолдирди. Швейцариялик теннисчи ушбу ғалабасидан сўнг, ATP чемпионлик пойгасида биринчи ўринга кўтарилиб олди. Бундан ташқари, жаҳон теннис рейтингида 4-ўринга жойлашди. Айтиш жоизки, 3 ой муқаддам, маэстронинг бундай натижа кўрсатиши айтилганида, кўпчилик ишонмаган бўларди. Бунга ҳатто, Федерернинг ўзи ҳам ишонмаган бўлишини айтган.
«Агар менга мавсумни шунчалик омадли бошлашимни айтишганида кулиб қўя қолардим. Бу менинг режаларимга кирмас эди. Биз жамоамиз билан Уимблдон олдидан илк саккизликка кирмоқчи эдик, бироқ бундан олдинроқ бу натижани қайд этдик... Бу жуда ҳам яхши, аммо энди мен мақсадларимни қайта баҳолашим керак. Келажакда нима қилишимни тушуниб олишим зарур», — деган Федерер.
2016 йил ёзида 35 ёшли теннисчи мавсумни ёмон ўтказгач, ярим йилга тин олишини маълум қилганди. У умрида илк бора тиззасида жарроҳлик амалиёти ўтказди. Ўшанда, таҳлилчилар, Федерерни яна бир марта нафақага чиқаришганди.
Бироқ, 2017 йилги мавсум экспертлар фикрининг аксини кўрсатмоқда. У 3та йирик мусобақа: Australian Open ва Индиан-Уэллс ҳамда Майамидаги «Мастерс» турнирларида ғолиб бўлди. У бундай натижага 2006 йилда, 24 ёшида эришган, холос.
Айтиш жозки, айнан бекхэнд Федерернинг сўнгги йиллардаги заиф жойи эди ва у ҳал қилувчи лаҳзаларда панд бериб қўярди. Хусусан, US Open-2015 финалида Роджер айни сабаб туфайли Жоковичга мағлуб бўлган эди. Любичич устозлик қила бошлаганидан сўнг, бекхэнд кутилмаганда Роджернинг асосий қуролига айланди. «Мен чап томондан аввалгидан яхшироқ коптокни қабул қилиб, ҳужум ҳам қиляпман. Ушбу зарба сабаб мен ҳар бир ўйинда рақибимга ўз шартимни қўя оламан», — дейди маэстро Надаль устидан Индиан-Уэллсда қозонилган ғалабадан сўнг.
Швейцариялик теннисчининг бошқа усуллари ҳам ёмон эмаслигини таъкидлаш мумкин. Унинг тўп узатиши ҳамон ажойиб: Федерер ўйинни 90 фоизини шу услубидан фойдаланган ҳолда ҳал қилади. Унинг ўнг томондан берган зарбаси дунёдаги энг яхшиларидан бири бўлиб келган. Бироқ, Любичич мураббийлик курсисига келгач, янги жиҳатлар пайдо бўлди: Роджер кўпроқ қайтувчи кроссдан фойдалана бошлади. Айни шу зарба Australian Open-2017 финалининг ҳал қилувчи дақиқаларида ёрдам берди ва «Мастерс» туркумида муҳим очколарни тақдим этди.
Айтиш жоизки, Федерер август ойида 36 ёшга киришига қарамай, тезлигини йўқотгани йўқ. Унга бу борада жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Пьер Паганини ёрдам бермоқда.
Роджер, яна бир кекса теннисчи Андре Агасси каби оралик машғулотларни маъқул кўради. У 30 сония ишлайди, 30 сония дам олади. Федерер 2-3 соат мобайнида югуриб, тўхташ машқини тинимсиз бажаради. Бу теннисдаги юкламаларга бардош беришга ёрдам беради. Бундан ташқари, яна бир жиҳат Роджер 3 кг вазн ташлаган бўлиб, 30 ёшдан кейин тезликни сақлаб қолишда қўл келади.
Федерер юқори даражада ўйин кўрсатишни сақлаб қолиш учун Федерер турнирларни танлашга жиддий қарайди. Жароҳати туфайли олинган ярим йиллик танаффус унга анча ёрдам берди. Шунга кўра, айтиш мумкинки, эндиликда у бу усулдан тез-тез фойдаланиб турса ажаб эмас. Федерер Майамидаги ғалабадан сўнг, «Ролан Гаррос»дант бошқа барча тупроқли майдонларда ўтказиладиган мусобақаларда қатнашмаслигини айтди.
Бироз ҳордиқ чиқарган Федерер «Уимблдон» ҳамда сентябр ойида бўлажак US Open мусобақасининг бош қаҳрамонларидан бири бўлиши эҳтимол. Ҳозирча, Роджерга муносиб қаршилик кўрсата оладиган бирор теннисчининг номини келтириш мушкул.
Федерернинг Катта теннис чўққисига қайтишида унинг теннисни ҳаддан ортиқ яхши кўриши ҳам ўзига хос туртки бермоқда. У теннис билан боғлиқ барча нарсадан, саёҳатлар, машғулотлар, матбуот билан мулоқот ва албатта, ўйиннинг ўзидан ҳузур қилади.