Жамият | 13:08 / 05.04.2017
35982
4 дақиқада ўқилади

“Ўзтрансгаз” газ таъминоти билан боғлиқ қатор долзарб саволларга жавоб қайтарди

Таҳририятга республиканинг турли чеккаларида истиқомат қилаётган одамлардан газ баллонлари билан боғлиқ муаммолар ҳақида мурожаатлар келиб тушди. Вилоятларга бўлган сафарлар давомида ҳам мазкур муаммоларга шахсан дуч келинди. 

Шу сабабдан Кун.uz “Ўзтрансгаз” АК бошқаруви раисига қатор саволлар билан мурожаат қилди. Саволлардан бири газ баллонлари етказилаётган ҳудудларда табиий газ ўтказилиши билан боғлиқ бўлди. 

Жавоб хатида айтилишича, “бугунги кунда маиший газ баллонлар билан таъминланган, табиий газ етиб бормайдиган ҳудудларга табиий газ етказиб берилмайди, уларга суюлтирилган газ етказиб берилиши йўлга қўйилган”.

Бундан ташқари, жавоб хатига кўра, суюлтирилган газ билан таъминланаётган аҳоли хонадонлари эҳтиёжи учун маиший газ баллонлар ҳудудлардаги газ таъминоти корхоналари ва уларнинг туман (шаҳар) газтаъминоти филиаллари томонидан ўрнатилган тартибда шартнома асосида фойдаланиш учун етказиб берилади. Ушбу ишлар учун масъуллик филиалларнинг суюлтирилган газ таъминоти бўйича ходимлари зиммасига юклатилган.

Газ баллонлари барча фуқароларга бериладими ёки фақат кам таъминланган оилаларгами, деган саволга шундай жавоб қайтарилди: “Аҳоли хонадонларига маиший газ баллон вақтинча фойдаланишга бериш, биринчи навбатда, табиий газ етказиб бериш танқис бўлган ҳудудлардаги табиий газ таъминотидан суюлтирилган газ таъминотига мослаштирилган хонадонларга берилади. Ушбу истеъмочилар эҳтиёжи тўлиқ қоплангандан сўнг, бошқа суюлтирилган газ билан газлашган аҳоли хонадонларининг талаб ва эҳтиёжи асосида етказиб берилади. Маиший газ балонни вақтинча фойдаланишга бериш шартнома асосида амалга оширилади”.

Аниқлик киритилишича, аҳоли истеъмолчилари учун суюлтирилган газ нархи Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ва вилоятлар молия бошқармалари томонидан белгиланган нархларда (суюлтирилган газни ишлаб чиқариш заводларидан ташиб келтириш, газ баллонларга тўлдириш, аҳоли хонадонларига етказиб беришдаги барча автотранспорт ва бошқа харажатлар ҳисобидан келиб чиқиб белгиланади) амалга оширилади. Шу сабабли суюлтирилган газ нархи ҳар бир ҳудудда алоҳида белгиланади.

Жумладан, 1 кг. суюлтирилган газ нархи “Жанубгазтаъминот” УКда (Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари) 327,6 сўм, “Ғарбгазтаъминот” УКда (Бухоро, Навоий) 450,0 сўм, “Марказгазтаъминот” УКда (Самарқанд, Жиззах, Сирдарё) 372,0 сўм, “Тошкентгазтаъминот” УКда (Тошкент вилояти) 606,0 сўм, “Водийгазтаъминот” УКда (Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари) 644,7 сўм, “Шимолгазтаъминот” УКда (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти) 720,0 сўм қилиб белгиланган.

Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш муддати қанча? Мурожаатларга кўра, айрим вилоятларда 1-1,5 ойда тўлдириб беришаётган бўлса, бошқа жойларда эса 2 ойда. Ҳар сафар ҳар хил деб мактуб юбораётган фуқаролар ҳам бор. Бунга эса шундай жавоб қайтарилди: “Компаниямиз томонидан ҳудудлардаги аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт Вазирлигига талабнома киритилади. Иқтисодиёт вазирлиги ўз навбатида республикадаги мавжуд суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи заводларнинг қувватлари ва мавжуд ресурслардан келиб чиқиб, аҳоли истеъмолчилари учун арзонлаштирилган нархда суюлтирилган газ ҳажмларини ажратади. Компания ушбу ажратилган суюлтирилган газ ҳажмларини Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кесимида ҳудудлардаги аҳоли истеъмолчилари сонидан келиб чиқиб тақсимлаб беради. Ажратилган суюлтирилган газ миқдорлари ҳудудлардаги газ таъминот корхоналари ва бошқармалари томонидан туман (шаҳар)лар кесимида тақсимланади, туман (шаҳар) газ филиаллари ажратилган миқдорлар доирасида ҳудудлар бўйича тарқатиш графикларини ишлаб чиқади ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган ҳолда аҳоли хонадонларига етказиб бериш ишларини амалга оширади”. Бундан ташқари, қайд этилишича, “Ўзтрансгаз” компанияси томонидан аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ тасдиқланган жадваллар асосида етказиб берилиши доимий назоратга олинган”.

Мавзуга оид