Жаҳон | 22:42 / 06.04.2017
22237
2 дақиқада ўқилади

Петербург теракти бўйича 8 киши қўлга олинди

Санкт-Петербург метросидаги портлаш бўйича олиб борилаётган текширувлар давомида терактга алоқадорликда гумон қилинган 8 киши қўлга олинган. Бу ҳақда Тергов қўмитаси расмий вакили Светлана Петренко маълум қилган.

"ФХХ ва ИИВ ҳамкорлигида олиб борилган рейдлар натижасида Санкт-Петербургда 6 киши, Москвада эса 2 киши терактга алоқадорликда гумон қилиниб, қўлга олинди", деган у.

Унинг сўзларига кўра, Сайфулла Ҳакимов, Иброҳимжон Эрматов, Дилмурод Мўйдинов, Баҳром Эргашев, Аъзамжон Маҳмудов, Муҳаммадюсуф Мирзаолимов, Шоҳиста Каримова ва Содиқ Ортиқов қўлга олинган.

Қўлга олиш тадбирлари давомида улар яшаётган уйлардан "Площадь Восстания" бекатида топилган бомбага ўхшаш портловчи қурилмалар, қуроллар ва ўқ-дорилар мусодара қилинган.

3 апрель куни метронинг "Сенная площадь" ва "Технологический институт-2" бекатлари оралиғида ҳаракатланган поезд вагонида портлаш содир бўлиб, 14 киши ҳалок бўлди.

Яна бир бомба "Площадь Восстания" бекатидан топилди, уни зарарсизлантиришди.

Тергов ушбу теракт ижрочиси Қирғизистонда 1995 йилда туғилган, 2011 йилда Россия фуқаролигини олган Акбаржон Жалилов эканини тасдиқлади.

Мавзуга оид