Жаҳон | 22:51 / 12.04.2017
16316
3 дақиқада ўқилади

Атамбаев ИШИД ўрнига бошқа ташкилот келиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев агар ИШИД йўқ қилинса ҳам, унинг ўрнига бошқа террорчилик ташкилоти келишини айтди. У бу фикрни "МИР" телеканалига берган интервьюсида айтди.

Атамбаевнинг фикрича, биринчи навбатда мусулмон дунёсида ИШИД мафкурасига қарши курашишга эришиш учун бу масалага глобал миқёсда ёндашиш керак. "ИШИДни бир ёки икки йил ичида йўқ қилиш мумкин, бироқ фикримча, унинг ўрнига қандайдир бошқа ташкилот келади. Чунки афсуски, бугунги кунда ислом давлатларида биз кўпинча одамларда баъзан танлов йўқлигини кўрамиз: у ерда бир томондан ўзининг бойиши билан шуғулланувчи қандайдир монарх ёки авторитар тузум, иккинчи томондан ислом социализми, бизга 1917 йилда таклиф қилинган ялпи тенгҳуқуқлик ғоясини таклиф қилаётган ИШИД мавжуд", деб айтди Атамбаев.

Унинг айтишича, ИШИД таклиф қилаётган ғоя одамларни қамраб олмоқда ва бу ерда вазиятдан чиқишнинг ягона йўли ислом давлатларига мамлакатнинг нормал ривожланиш йўли, эътиқод эркинлиги, виждон эркинлигига эга нормал зиёли, демократик ривожланиш мавжудлигини кўрсатиш керак. Айнан шуни Қирғизистон қилишга уринмоқда.

"Мен яширмайман: бизда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти давлатларида тақиқланган баъзи ташкилотлар фаолият юритади. Қирғизистонда уларга рухсат берилган, бироқ бундан бизда кўпроқ таранглик ёки кўпроқ террорчи бор деб айта олмайман, тўғрироғи бунинг аксидир", деб қўшимча қилди Атамбаев. 

"Баъзан, кўпинча АҚШ қилгандек тақиқлаш ёки бомбардимон қилиш йўли билан эмас, профилактика усули билан бориш керак ва муаммога ичкарироқ қараш лозим. Бироқ биз Афғонистон томондан хавф борлигини тушунамиз. Тахминан бир ҳафта олдин Россия ва Тожикистон билан биргаликдаги машғулотларни ўтказдик. Ўтган йили КХШТ давлатлари, жумладан бизнинг бир неча бўлинмамиз Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасида манёврлар ўтказганди. Бизнинг бўлинмалар Тожикистондаги машғулотлар жойига пиёда етиб борган. Шу тариқа бизнинг аскарлар вазият кескинлашганда тожикистонлик дўстларимизга ёрдамга улгура олишлари синовдан ўтказилган", деб таъкидлаб ўтди Қирғизистон президенти.

Мавзуга оид