15:06 / 13.04.2017
8652

АПЛда йил футболчиси бўлиш учун номзодлар аниқ

Англия Профессионал футболчилар ассоциация (PFA) АПЛнинг мавсумдаги энг яхши футболчиси бўлиш учун даъвогар футболчилар номини эълон қилди.

Ташкилот расмий сайти берган хабарга кўра, премьер-лиганинг энг яхши футболчиси бўлиш учун бир йўла олти футболчи даъвогарлик қилмоқда.

Булар Эден Азар, Нголо Канте (иккаласи – «Челси»), Златан Ибраҳимович («Манчестер Юнайтед»), Ҳарри Кейн («Тоттенҳэм»), Ромелу Лукаку («Эвертон») ва Алексис Санчес («Арсенал»).

Эден Азар мавсум давомида жамоаси ўйинларида 14 гол урган, 5та голга ҳаммуаллифлик қилган, 64та голли вазият яратган ҳамда 128 марта рақибни алдаб ўтган.

Ромелу Лукаку жорий мавсумда «Эвертон»нинг 31 учрашувида майдонга тушди ва 23та гол урди. Бу АПЛдаги «Мидлсборо» жамоаси футболчилари урган жами голлар (22та) сонидан кўпдир.

Ҳарри Кейн «Тоттенҳэм»нинг 23 ўйинида 19та гол урди ва 4та голга узатма берди.

Алексис Санчес АПЛ ўйинларида 18та гол урди ҳамда 9та голга пас берган.

«Челси»га жорий мавсум арафасида келиб қўшилган Н'Голо Канте жорий мавсумда АПЛда яккакурашларда энг кўп марта ғолиб чиққан энг яхши таянч ярим ҳимоячиси бўлиб турибди.

Златан Ибраҳимович эса 17та гол уриб, 5та голга ҳаммуаллифлик қилган ҳолда жамоасининг энг сермаҳсул футболчиси бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили йилнинг энг яхши футболчиси номини «Лестер» яримҳимоячиси Риёз Маҳрез қўлга киритганди.

Top