13:29 / 17.04.2017
124205

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида нохуш воқеа юз берди, бир киши қурбон бўлди

Ўзбекистон МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси Сурхондарё вилоятидаги Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида юз берган нохуш воқеа ҳақида хабар қилди, деб ёзмоқда Спутник нашри.
 
Қўмита хабарига кўра, 15 апрель куни соат 18:10 да Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Қуруқсой аҳоли пункти яқинида Тожикистон томонидан Ўзбекистон ҳудудига қорамол подаси ўтган. Белгиланган чегара чизиғига мувофиқ, Ўзбекистон чегарачилари қорамол подасини Тожикистон ҳудудига қайтариб ҳайдай бошлаган.

"Қайтариб ҳайдаш вақтида чегарачиларга Тожикистон томонидан уч нафар номаълум шахс Ўзбекистон ҳудудининг 50 метр ичкарисига кириб, ушбу ҳудуд Тожикистонга тегишли эканини айтган ва ҳақоратли гаплар билан жанжал чиқаришга уринган", — дейилган МХХ ДЧҚҚ хабарида.

Номаълум шахслар чегарачиларнинг Тожикистон ҳудудига қайтиш талабига бўйсунмаган, аксинча, улар пичоқ ва таёқлар билан Ўзбекистон чегарачиларга ҳужум қилган.

"Ўз ҳаётини ҳимоя қилиш, ҳужумни қайтариш ва шахсий қуролини эгаллаб олинишига йўл қўймаслик учун, чегара қўриқчилари Ўзбекистон қонунларига мувофиқ ҳолда, чегарабузарларга нисбатан қурол ишлатди. Натижада, қоидабузарлардан бири, Тожикистон Республикаси фуқароси Турсунзода туманининг, Шлюм аҳоли пунктида яшовчи Аслиддин Шоимов олинган жароҳатлардан қурбон бўлди, қолган қоидабузарлар Тожикистон ҳудудида яширинишга муваффақ бўлишган", — дейилган матбуот хизмати хабарида.

Чегара қўриқчилари бош ва бўйнидан турли жароҳатлар олган. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни сақлаш органлари томонидан жиноий иш қўзғатилди.

 

Top