Жамият | 13:53 / 18.04.2017
48950
3 дақиқада ўқилади

13 ёшли қиз стоматолог креслосида ҳаётдан кўз юмди

Сатпаев шаҳри (Қозоғистон, Қарағанда вилояти)да яшовчи 13 ёшли қиз Қарағандадаги хусусий стоматология клиникасида ҳаётдан кўз юмди. Бу фожиа бир йил аввал содир бўлган, ўшандан бери марҳум қизнинг ота-онаси тиббиёт ходимларига жазо берилишини талаб қилмоқда. КТК телеканалида тақдим этилган сюжет шу ҳақида бўлди. 

Жансая Омарова болалигидан БЦП (болалар церебрал фалажи)дан азият чеккан. Ота-онаси уни денгизга ва хорижий мутахассисларга олиб боришарди, бу ўз самарасини бераётганди - қиз юра ва гапира бошлаган. Тиш шифокори муолажалари бундай аянчли тугаши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган эди. 

"Унга наркоз беришди. Биз дастлаб синов дозаси юборилмаганига ажабландик. 16 та тишни олиб, даволаш керак дейишди. Шунча тишни биттада олиб, яна даволаш муолажаларини ўтказиб бўладими? дедик. "Ҳеч қандай қўрқинчли жойи йўқ, мумкин" дейишди. "Биз мутахассисмиз, ахир" дейилганидан кейин рози бўлдик", - дея хотирлайди қизнинг отаси Магжон Омаров. 

Кичик қизнинг аҳволи ёмонлашганда стоматологлар унга мустақил ёрдам кўрсатишга уринишди. Буни видеокузатув тасмаларидан кўриш мумкин. Бир неча самарасиз уринишлардан кейин, ниҳоят, тез ёрдам чақиришди. Афсуски, улар ҳам ҳеч қандай ёрдам бера олишмади. Экспертиза Жансаянинг наркоз препарати туфайли анафилактик шок натижасида ҳаётдан кўз юмганини кўрсатди. Тергов давомида маълум бўлишича, ўша пайтда клиниканинг анестезия ўтказишга лицензияси бўлмаган. Бироқ иш судгача етиб бормади. 

"Тергов ишларининг чўзилаётганига бир йилдан ошди. Экспертлар қандайдир тиббиёт муассасалари, шифохоналар ҳақида гапиришди. Терговчилар яна маълумот йиғишмоқда. Нима учун? Нима кераги бор? Ахир, суд тиббиёт экспертизасининг хулосаси бор-ку", - дейди адвокат Толеубой Мусин.

Клиникада ўша пайт наркозга лицензия бўлмаганини тан олишса-да, боланинг ўлимини бахтсиз ҳодиса деб аташмоқда.

"Биз бундай лицензия кераклигини билмагандик ҳатто, мана олдик ҳам. Қиз бизгача икки марта Жезказганда худди шу препаратлар билан даволанган, ҳаммаси жойида бўлган. Кейин бизнинг клиникамизда кутилмаганда аллергик реакция кузатилди", - деди даволаш муассасаси директори Ерлан Анажбоев. 

Полицияда республика экспертизаси хулосаси етишмаслиги сабаб тергов чўзилиб кетгани айтилмоқда. Оила адвокатининг сўзларига кўра эса, бу ҳужжатнинг бўлиши шарт эмас.

Мавзуга оид