23:49 / 18.04.2017
9051

Сурия ерида яна 3 россиялик ҳарбий ҳалок бўлди

Сурияда шу йилнинг январь ойи охиридан буён ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони 21 нафарга етди. Бу ҳақда ўз манбаларига асосланган ҳолда Reuters агентлиги хабар тарқатган.

Агентлик маълумотига кўра, 29 январдан март ойи охиригача бўлган муддатда Сурия ҳудудида ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони ҳукумат эълон қилган рақамлардан 4 баробар кўп бўлган.

Жароҳат олган россиялик ҳарбийлар сони 18 нафар бўлганини айтган агентлик маълумотига кўра, айни вақтга келиб, уларнинг 3 нафари жон берган. Булар — 41 ёшли Алексей Сафонов, 46 ёшли Владимир Плютинский ва 27 ёшли Михаил Нефедов. Қариндошлари уларнинг ўлимини тасдиқлашган.

Расмий маълумотларга кўра, Россия Сурияга кириб, ИШИДга қарши ҳарбий амалиётлар бошлаганидан буён (2015 йилнинг 30 сентябри) 30 нафар ҳарбийсини йўқотди. Ўтган йилнинг декабрида Ҳалабдаги отишмалар вақтида россиялик полковник Руслан Галицкий оғир жароҳат олган ва кейинроқ госпиталда жон берганди. 2017 йилнинг февралида эса 4 нафар ҳарбий маслаҳатчи машинада кетаётганида минага дуч келиб портлаб кетди.

Шу билан бирга Британиянинг Sky News телеканали 2016 йил августида "Вагнер" ҳарбий кампаниясида иштирок этган собиқ икки жангчи билан интервьюни эълон қилганди. Улар Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида 600 нафаргача россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани ҳақида айтишган.

Россия ҳукумати Сурияда қанча ҳарбийси жароҳат олгани ҳақида маълумот бермайди.

Top