02:33 / 19.04.2017
28727

«Реал» ва Роналду овертаймда «Бавария»ни енгиб ярим финалга йўл олди

Европа чемпионлар лигасининг 1/4 финал жавоб учрашувлари доирасидаги марказий тўқнашув Мадридда, «Реал» ва «Бавария» жамоалари ўртасида бўлиб ўтди.

Учрашувнинг биринчи бўлими асосан мадридликларнинг ташаббуси остида кечди. Лекин бўлимда ҳисоб очилмади.

53-дақиқада Каземиро Роббенни ўз жарима майдончаси ичида йиқитди ва бу пенальти белгиланишига сабаб бўлди. 11 метрлик жарима зарбасини Роберт Левандовски аниқ бажариб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

76-дақиқада Каземиро Мюллер билан тўп  учун курашда устун келиб, Криштиано Роналдуни пас билан таъминлади. Португалиялик ҳужумчи боши билан тўпни дарвозага йўллаб, мувозанатни тиклади. Лекин орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас Серхио Рамос ўз дарвозасига гол уриб қўйди.

84-дақиқада эса ўйиндаги ҳал қилувчи воқеа рўй берди, мюнхенликлар жамоаси ярим ҳимоячиси Артуро Видаль Марко Асенсиодан тўпни олиб қўйиш учун ҳаракати вақтида қўполлик ишлатган деб топилди ва иккинчи сариқ карточкасини олиб, майдонни тарк этди.

Қолган вақтда бошқа гол урилмади ва асосий вақт 1:2 натижаси билан тугади. Натижада барча масала қўшимча бўлимларга қолдирилди.

Овертаймнинг биринчиси ўз якунига етаётган паллада Рамос тўпни жарима майдонига узатиб берди, Роналду вазиятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди. 110-дақиқада Марсело рақиб жарима майдонига ёриб кирди ва тўпни Роналдуга етказиб берди, португалиялик ҳужумчи эса тўпни бўш дарвозага жойлади - 3:2.

Орадан икки дақиқа ўтиб Марко Асенсио рақиб футболчиларини алдаб ўтиб гол урди ва учрашувга нуқта қўйди - 4:2.

Шу тариқа, «Реал» қийин кечган учрашувда «Бавария» устидан ғалабага эришди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Чемпионлар лигаси
1/4 финал, Жавоб учрашуви

Реал (Испания) – Бавария (Германия) 4:2
Голлар: 0:1 – 53, пенальти Левандовски, 1:1 – 76 Роналду, 1:2 – 77, автогол Рамос, 2:2 – 104 Роналду, 3:2 – 109 Роналду, 4:2 – 112 Асенсио.
Реал Мадрид – Навас, Начо, Марсело, Карвахаль, Рамос, Модрич, Каземиро, Кроос, Иско (Васкес, 71), Роналду, Бензема (Асенсио, 64).
Бавария – Нойер, Боатенг, Хуммельс, Алаба, Лам, Видаль, Хаби Алонсо (Мюллер, 75), Алькантара, Роббен, Рибери (Дуглас Коста, 71), Левандовски (Киммих, 88).
Огоҳлантиришлар: Видаль (5), Каземиро (40), Хаби Алонсо (70), Хуммельс (75), Роббен (101).
Четлатиш: Видаль (84).
Биринчи учрашув – 2:1

Top