21:48 / 22.04.2017
7446

Одамлар билан юзма-юз: сайёр қабулхона Шайхонтоҳурда

22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Президентнинг Тошкент шаҳри ва Шайхонтоҳур туманидаги Халқ қабулхоналари томонидан пойтахт аҳолиси учун навбатдаги сайёр қабуллар ташкил этилди.

Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Марказий банк, Бош прокуратура, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия вазирликлари, давлат қўмиталари раҳбарлари, Тошкент туманлари ҳокимликлари масъул ходимлари, фуқаролар иштирок этди.

Таҳлил натижаларига кўра, бугунги кунга келиб Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи аҳолидан жами 15 978 та мурожаат келиб тушган. Соҳалар бўйича ўрганилганда мурожаатларнинг асосий қисмини уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, жойларда уй-жойларнинг тамирга мухтожлиги юзасидан масаласи бўйича 3 624 та мурожаат (22,7 фоиз), банк-молия ва солиққа тортиш масалалари бўйича 1 525 та мурожаат (9,5 фоиз), моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш масалалари бўйича 1 054 та мурожаат (6,6 фоиз), судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик судларида ишлар кўрилиши бўйича 896 та мурожаат (5,6 фоиз), меҳнат ва бандлик масаласи, шу жумладан ишга жойлашиш ва ишга тикланиш масалалари бўйича 710 та мурожаат (4,4 фоиз), ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги масалалари, шу жумладан йўлларни таъмирлаш масалалари бўйича 561 та мурожаатлар (3,5 фоиз) ташкил этади.

Келиб тушган мурожаатларнинг 6 625 таси Шайхонтоҳур туман ҳокимлигига тегишли бўлиб, уларнинг 6 441 таси жисмоний шахслардан ҳамда 184 таси юридик шахслардан келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 5 510 таси (83,2 фоиз) кўриб чиқилган бўлиб, ҳозирда 1 115 та (16,8 фоиз) мурожаат кўриб чиқилиш жараёнида. Бундан ташқари, ўтган давр мобайнида кўриб чиқилган мурожаатларнинг 4 864 таси муддати бузилган ҳолда жавоб хати берилган.


Шайхонтоҳур туман ҳокимлигида мурожаатлар билан ишлаш тизимини тўғри ташкил этмаслик, мурожаатларни тақсимлаш ва назорат қилиш ишларига малакали кадрларни жалб этмаслик ҳамда таҳлил ишларини йўлга қўйилмаслик оқибатида жами 447 та муддати ўтган мурожаат мавжуд бўлиб, шундан 178 таси 2016 йилдан қолдиқ бўлиб ўтган, 269 таси эса жорий йилнинг январь, февраль ва март ойларида келиб келиб тушган. Мазкур мурожаатлар қонунда белгиланган ижро муддатларида кўриб чиқилмасдан келинмоқда.

Очиқ мулоқотда туманларда мурожаатлар билан ишлаш, одамларнинг ичига чуқур кириб бориш, уларни тинглаш, йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш борасида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар кескин танқид қилинди. Одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиб, фаровон турмушни таъминлаш, хато ва камчиликларга бефарқ бўлмай, уларни бартараф этиш учун жон куйдириш, барча ўз ишига масъулият билан ёндашиш кераклигига эътибор қаратилди.

Top